Рамазон ойи - гўзал ахлоқ фурсати

2019 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Унга кўра, 2019 йил 6 май муборак Рамазон ойининг биринчи куни эканлиги таъкидланди.

Рамазон – тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Муборак ойни ўтказиш бўйича Президент қарорида инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этиш айтилган.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Самарқанд вилояти вакиллиги, “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали, имом-хатиблар ва саховатпеша инсонлар ҳамкорлигида Рамазон ойида бажариладиган ишлар режасини тузиб олдик. Унга кўра, жойларда кенг кўламдаги маънавий-тарбиявий тадбирларни амалга оширамиз. Шунингдек, зиёратчилар билан суҳбатлар, жума намози жамоатида юртимизнинг бой тарихи, бебаҳо меросимиз, дину диёнатимиз ҳақида суҳбатлар ўтказамиз. Вилоятимиздаги ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, беморлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олинади. Шунингдек, саховат, меҳрибонлик ва мурувват уйлари ҳамда мактаб интернатлари тарбияланувчиларига хайр-эҳсон қилиш, совғалар улашиш кўзда тутилган.

Имом Бухорий ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирортангизнинг рўза тутган куни бўлса, шаҳвоний сўз ва амалларни қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадор кишиман” десин”, деганлар.

Саҳардан шомгача еб-ичишдан тийила олган одамда сабр-қаноат туйғуси ортади, иродаси мустаҳкамланади. Иродали, сабрли инсонлар хотиржам бўлишади. Хотиржам кишилар тилларини ғийбатдан, беҳуда гап-сўзлардан тияди. Кўнгилларидан ҳасаду ғаразни, гина-кудуратни ҳайдайди. Одамларга эътиборли, раҳм-шафқатли бўлишга интилади.

Муборак ойда вилоятимиздаги 285 та масжидда таровеҳ намозлари ўқилади ва 115 та масжидда хатми Қуръон қилинади.  Рамазонда садақа ва хайру эҳсонларнинг савоби янада кўп ва ажри улуғ бўлади. Улуғ кунларда қилинадиган саҳарлик ва ифторликларни камхарж, дабдабабозликдан йироқ ҳолда, хонадонларда ўтказмоқ керак. Бу хайрли тадбирларга кўпроқ муҳтож ва йўқсилларни таклиф қилиб, уларнинг кўнглини кўтариш яхши амаллардан саналади. 

  Меҳр-шафқат, саховат ойи барчамизга муборак бўлсин!

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.