Ризқни қандай тушунасиз ёхуд бой бўлиш сири нимада?

Ҳаётни кузатсак, одамларнинг ризқ топиш илинжида тўрт томонга елиб-югурганига гувоҳ бўламиз. Рўзғор тебратиш, бола-чақа боқишнинг ўзи бўлмайди. Бу йўлда кимдир молини ёлғон гапириб сотса, яна кимдир мижоз талашиб, ҳамкасби билан жиққа мушт бўлади.

Аслида, биз ризқ ҳақида кам билимга эгамиз. Шунинг учун ҳам ризқ топишда нималарга амал қилишни билмаймиз. Имом Шаъровий ризқ ҳақида шундай дейди: “Ризқ бу сизга фойдаси теккан нарсадир, сиз эришган нарса эмас. Гоҳида сиз кўп мол топасиз, лекин инфоқ-эҳсон қилмайсиз, ундан фойдаланмайсиз ҳам. Бу нарса сизнинг ризқингиз эмас, балки ўзганинг ризқидир. Сиз фақат уни сақлаб ва асраб бергувчисиз. Ундан бирор чақани ҳам инфоқ қилмай, бошқага етказиб берувчисиз, холос”.

Ислом динида касб-ҳунар ортидан топилган молдан садақа бериб туриш кераклиги айтилган. Баъзилар муҳтожларга садақа берсам, пулим камайиб қолади, деб тушунади. Аксинча, садақа бериб турган кишининг даромадига барака берилади. Умрини фақат мол тўплаш билан ўтказаётган кишиларнинг ҳаётига боқсангиз, доим қарздан боши чиқмай юрганини кўрасиз. Катта-катта фирмалари, савдо дўконлари, ҳатто заводлари бор баъзи кишиларнинг банклардан катта кредит қарзи бўлади. Аммо четдан қараганлар уларни ташвиши йўқ, бой деб билади.

Қўли очиқнинг йўли очиқ

Ҳар куни ишга таксида қатнаганим боис ҳайдовчилар мисолида одамлардаги ризқ топишга бўлган ҳаракатни кузатяпман. Кўпинча эрталаб бир йигит машинасида келиб, бир зумда бекатдаги одамларни олиб кетади. Ҳолбуки, бекатда уч-тўрт автомашина одам тўлдиролмай турган бўлади. Мен ҳам бир неча марта ўша йигитнинг машинасида ишга келдим. Табиатан очиқкўнгил, ҳазил-ҳузул гаплар билан одамни ўзига жалб қилиб оладиган бу ҳайдовчи манзилингизга етгунингизча зериктирмайди.

- Аллоҳга шукр, ҳар куни ишни шу бекатдан одам олишдан бошлайман, бир пастда машинам тўлади, - дейди у. – Мен бошқа ҳайдовчилардек йўлкира нархини баланд айтмайман. Шаҳар ичида узоқ-яқинига қарамасдан, 5 минг сўм эвазига хизмат қилавераман. Шунинг учунми, йўл-йўлакай ҳам машинамга тинимсиз йўловчи минади.

Қўли очиқнинг йўли очиқ, дегани шу бўлса керак. Йигитнинг айтишига қараганда, таксичилик ортидан бемалол оиласини тебратяпти, топганида барака бор. Бироқ баъзида топгани ўзига етмаётган таксичиларни ҳам учратиб қоламиз. Бир куни шундай ҳайдовчилардан бирига дуч келдим.

- Ўн минг сўм бўлади, - деди таксичи манзилни эшитгач. Масофа унча узоқ бўлмаса-да, шошаётганим боис машинага ўтирдим. – Эртадан кечгача такси қиламан, аммо бирим икки бўлмайди.

Одатда нолиган эркак кишига тоқатим йўқлиги боис, “Илтимос, нолимай кетинг”, деб танбеҳ бердим. Шу орада мени кутаётган киши борадиган манзил ўзгарганини айтди. Аммо оралиқ масофа бир километр ҳам чиқмасди. Таксичи: “Яна беш минг сўм қўшасиз”, деб туриб олди. Кайфиятимни бузмаслик учун ҳайдовчи билан тортишиб ўтирмадим. Унга ўн беш минг сўм бериб, таксидан тушдим ва нима учун топгани ўзига етмаётганини тушундим. Унинг биринчи хатоси Аллоҳ берган ризққа норозилигида бўлса, иккинчи хатоси мижозни норози қилиб, пули олаётганида.

Яқинда янаям хасис таксичининг машинасига ўтирдим. Бу сафар ҳақиқатда манзил узоқ эди. Шу сабабли ўн минг сўмга рози бўлдим. Машинада яна бир йигит бор эди. Уларнинг ўзаро гапидан йўловчи йигит ҳам ҳайдовчи эканини тушундим. Улар ўзаро даромад ҳақида суҳбатлашарди.

- Мен ойига 6 миллион сўм тўплаяпман, - деди ҳайдовчи. – Ҳар куни топган пулимни ҳеч қаерга ишлатмасдан, уйга олиб бораман. Ҳатто рўзғор учун хотинимга ҳам пул бермайман. Агар у бирор нарса керак, пул беринг деса, дадамдан ол дейман. Машинамга ҳам йўловчиларни ўн мингдан камига миндирмайман. Масофа жуда яқин бўлса, беш минг сўмдан олишим мумкин.

Ҳайдовчининг ушбу гапларидан сўнг автомашина ичига разм солдим. Зиқналигидан машинанинг ичи тўкилиб бўлган, сал нотекис жойдан юрса, шақирлаб кетяпти. Аммо йўлкира нархи ўн минг сўм эмиш. Бу йигит муҳтожларга садақа бериш у ёқда турсин, ҳатто топганини оиласига ҳам сарфламас экан. Билмайдики, кези келса, ўша зиқналик билан йиққан пули бир кунда сарф бўлиб кетишини.

Бой бўлиш сири нимада?

Ҳаётда омадли инсонларга ҳамма ҳавас қилади, уларнинг қандай бойигани ҳақида оммавий ахборот воситаларида мақолалар чоп этилади. Ушбу мақолалар турли тилларга таржима қилиниб, оммавий ўқилади. Сабаби, ҳамма бой бўлишга, яхши яшашга интилади. Бой бўлишнинг биринчи шарти ота-она розилигини топиш, уларнинг дуосини олишдан иборат. Шунинг учун ҳам бизнинг ота-боболаримиз азалдан ота-онанинг ҳурматини жойига қўйган. Қариганда Ғарб давлатларидаги одамлардек ёлғиз ўзини бир уйда қолдириб, хотини, болалари билан алоҳида чиқиб кетмаган. Ушбу анъана асрлар давомида бизгача етиб келди ва давом этмоқда.

Ғарб давлатларидаги одамларнинг ойлик маоши бизникидан анча баланд, ҳатто уларнинг бир ойда топадиган пулини биз бир йилда ҳам топа олмаймиз. Аммо уларнинг кўпчилиги ижара уйларда яшайди. Бизда эса озгина маош билан ҳам одамлар уй-жойли бўлишади. Узоққа бормайлик, Россияда қариялар ёлғиз яшайди. Фарзандлари оила қургач, ҳатто ижара уйга бўлса ҳам ота-онасининг уйидан чиқиб кетади.

Дунёга машҳур футболчи Криштиану Роналду онаси билан истиқомат қилади. Унинг машҳурлигининг сири ҳам ана шунда. Ғарб журналистлари футболчига “Нега онангиз билан яшайсиз?”, деб савол беришган. У футбол оламига кириб келишида ота-онаси унга ёшлигидан мадад бўлгани, ҳатто жуда камбағал бўлса-да, Криштиануга онаси қиммат пойабзал сотиб олиб бергани, шунинг учун ҳам онасини ёлғиз қолдирмаслигини айтган.

Ота-она дуоси ҳамма нарсадан устун

Кунларнинг бирида роса тўкилиб қолган эски таксига чиқдим. Ҳайдовчи “Воқеа” сурасини эшитиб кетаётган экан. Ёнидаги йигит: “Ака, “Воқеа” сурасининг фазилатини биласизми?” деб сўради. Ҳайдовчи бош ирғади ва “Воқеа” сураси камбағалликдан қутқарар экан, уни ҳар куни кечқурун ўқиган киши ҳечам муҳтожлик кўрмас экан. Шунинг учун ушбу сурани ҳар куни эшитиб ёдлаяпман. Тўла ёд олишимга озроқ қолди, аммо негадир ҳалиям ишим юришмаяпти”, деди. Чидаб туролмасдан, гапга қўшилдим: “Ота-онангизни рози қилганмисиз?”. Ҳайдовчи бироз ўйланиб, “ҳа”, деб жавоб берди. Унинг бу жавоби “Нима эди?” дегандек туюлди. Ризқдаги бараканинг шартларидан бири ота-онани рози қилиш эканини айтдим. Назаримда ҳайдовчи ўз хатосини тушуниб етди.

Ризқ аввалдан ёзилганми?

Ҳадисларда ризқ Аллоҳ томонидан берилиши, ҳар бир инсоннинг ризқи она қорнидаёқ ёзиб қўйилиши айтилган. Шунинг учун ҳам инсонлар ризқини кўпайтира олмайди, аммо баракали қила олади, дейишади. Ризқдаги бараканинг яна бир шарти ҳалолликда. Ҳалол меҳнат ортидан топилган ризқ баракали бўлади. Аксинча, ҳаром йўл билан топилган бойликда барака бўлмайди.

Яқинда бир манбада ўқиб қолдим, бизнинг ота-боболаримиз ҳалолликка шунчалик эътибор берганки, ҳатто бетаҳорат пиширилган таомни истеъмол қилмас экан. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиёдан улуғ алломалар – Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Аъзам, Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Берунийлар дунёга келган.

Шунингдек, бировнинг ризқини бошқа биров ололмайди. “Карвон кўп, ризқи бўлак”, деб шунга айтишган. Ризқингиз баракали бўлишини истасангиз, аввало, ота-онангиз дуосини олинг. Сўнгра ёлғон аралаштирмасдан, бировга зулм қилмасдан, ҳалоллик билан касбингизни астойдил адо этинг. Топишингиз кам бўлса ҳам Аллоҳ баракасини беради.

Хуршида Эрназарова.