Россия империяси даврида Самарқанд
Россия империяси Бухоро амирлигига қарши уруш ҳаракатларини икки ҳарбий мавсумда - 1866 ва 1868 йилларда ўтказди. 1866 йилда олиб борилган истилочилик босқинлари оқибатида амирликнинг Ўратепа, Жиззах ва Янгиқўрғон сингари ҳудудлари Россия таркибига киритилди.
Россия ҳукумати янгидан босиб олинган ерларни бошқариш ва бу ҳаракатни яна давом эттиришни мувофиқлаштириш учун 1867 йилнинг 11 июлида Туркистон генерал-губернаторлигини таъсис этди ва унинг раҳбарлигига подшо Александр II билан алоқада бўлган генерал К.П.Фон Кауфман тайинланди. 1868 йилда Фон Кауфман Бухоро амирлигига қарши урушларга бевосита бошчилик қилди.
Манбаларда айтилишича, Самарқанд беклигининг маркази Самарқанд учун Бухоро қўшинлари ва рус аскарлари ўртасидаги ҳал қилувчи жанг 1868 йил 1 майда бўлиб ўтган. Ҳарбий ахборотларда Самарқанднинг Чўпонота тепалигидаги жангдан сўнг 2 майда жангсиз эгалланганлиги айтилади. Самарқанд вилоятининг тўлиқ чор империяси таркибига киритилишини эса Зирабулоқ жанги ҳал қилган. Кейинчалик руслар бу жангдаги ғалабанинг 25 йиллигини ҳам тантана билан нишонлаганлар.
1868 йил 23 июнда Бухоро амири Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман билан сулҳ тузиб, Россиянинг вассалига айланади. Бу сулҳга кўра, Бухоро амирлиги ўз мустақиллигини йўқотибгина қолмасдан, Самарқанд, Каттақўрғон ва Зарафшон дарёсининг юқори қисмидаги ерлардан ҳам ажралди.
Россия империяси томонидан босиб олинган худудларда маъмурий-ҳудудий бирлик, яъни маркази Самарқанд бўлган Зарафшон округи тузилди. Унинг бошлиғи этиб Александр Константинович Абрамов тайинланди.
Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан 1868 йилда ташкил этилган Зарафшон округи дастлаб Самарқанд ва Каттақўрғон бўлимларидан иборат бўлди. 1871 йилда уларга янги маъмурий-ҳудудий бирлик - тоғли туманлар қўшилди. У Зарафшон дарёсининг юқорисида жойлашган майда бекликлардан тузилди.
Туркистон генерал-губернаторлигини бошқариш бўйича илк дастурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишида «ҳарбий вазият» омили ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Ана шу омил Туркистон генерал-губернаторининг 1868 йил 29 июнда тасдиқланган «Зарафшон округини бошқаришнинг вақтинчалик қоидалари»да ҳам ўз аксини топди. Ҳужжатнинг асосий мажмуи К.П.Кауфманнинг бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилди, унда маъмурий тизим «ҳарбий-халқ бошқаруви» деб аталди.
Юқорида таъкидланганидек, Зарафшон округида маъмурий-ҳудудий бошқарув тизими иккига: Самарқанд ва Каттақўрғон бўлимларига бўлиб бошқарилди. Лекин ҳар иккала бўлим ҳам Зарафшон округи генерал-убернаторлигига бўйсундирилди.
М.Вирскийнинг 1872 йил учун берган маълумотларига кўра, Зарафшон округининг маъмурий-ҳудудий жиҳатдан бўлиниб бошқарилиши қуйидагича бўлган:
2.1.-жадвал
Самарқанд бўлими |
Каттақўрғон бўлими |
Тоғли туманлар |
Туман, шаҳар, участка, қишлоқ ва жой номлари |
||
1.Шовдор тумани. § Самарқанд шаҳри (80 та квартал); § 20 та даҳа ва 114 та қишлоқ; 2.Челак тумани. § 7 та даха ва 27 та қишлоқ; 3.Шероз тумани. § 24 даҳа ва 88 та қишлоқ; 4.Сўгуд тумани. § 24 та даҳа ва 92 та қишлоқ; 5. Офаринкент тумани § 20 та даҳа; § 14 та квартал ва 115 та қишлоқ; 6. Янги қўрғон тумани § 14 даҳа ва 63 та қишлоқ; 7. Анҳор тумани § 9 та даҳа ва 76 та қишлоқ; 8. Ўсмат-қартол тумани § 7 та даҳа ва 36 та қишлоқ; 9. Тўрткўл участкаси § 5 та даҳа ва 32 та қишлоқ; 10.Хожа-Шукур участкаси. § 4 та даҳа ва 10 қишлоқ; Самарқанд бўлими жами 134 та даҳа ва 653 та қишлоқдан иборат |
1.Каттақўрғон тумани. § Каттақўрғон шаҳри § 13 та участка § 78 та қишлоқ 2. Пайшанба тумани. § 7 та участка § 157 та қишлоқ 3. Метан тумани § 2 та участка § 51 та қишлоқ
Каттақўрғон бўлими жами 22 та участка, 286 та қишлоқдан иборат |
1. Панжикент тумани. § Панжикент шаҳри. (14 та квартал) § 1 та даҳа. 2. 3 та участка; § 46 та қишлоқ; § 3 та участка; § 23 та қишлоқ; 3. Ургут тумани. § Ургут шаҳри (13 та квартал); § 4 та участка; § 103 та қишлоқ; 4. 2 та участка. § 51 та қишлоқ;
Тоғли туманлар жами 12 та участка ва 233 та қишлоқдан иборат
|
1886 йилги «Туркистон ўлкасини бошқариш Низоми»га мувофиқ, Туркистон ўлкасининг маъмурий-ҳудудий бўлиниши ўзгартирилди. Бунда мавжуд бирликларни унификациялаш принципига изчил риоя қилина бошланди. Зарафшон округи Самарқанд вилоятига айлантирилди. Унинг таркибига Сирдарё вилоятининг Хўжанд ва Жиззах уездлари ўтказилди ва кейинчалик Самарқанд вилояти Жиззах, Каттақўрғон, Самарқанд ва Хўжанд уездларидан ташкил топди.
Қуйида Самарқанд вилояти ва унинг таркибидаги уезд (туман), шаҳар ва участкалар (жабҳа) номи келтириляпти:
2.2-жадвал
Уездлар ва улардаги шаҳарлар. |
Участкалар номи. |
1 .Самарқанд уезди. - Самарқанд шаҳри. - Панжакент шаҳри. |
Даҳбед Ургут Панжикент |
2.Жиззах уезди. - Жиззах шаҳри. |
Боғдон, Янгиқўрғон Зомин |
3. Хўжанд уезди. -Хўжанд шаҳри. -Ўратепа шаҳри. |
Исфаний Сават Ўратепа |
4.Каттақўрғон уезди. -Каттақўрғон шаҳри. |
Пайшанба Челак |
Жадвалда кўрсатилган участкалар ўз навбатида волостларга бўлинган. 1897 йилда М.Вирский берган маълумотларга кўра, Самарқанд уездида 32 та, Хўжанд уездида 11 та, Каттақўрғон уездида 31 та, Жиззах уездида 17 та волостлар мавжуд эди. Вилоят бўйича 390 та қишлоқ ва 48 та овул жамоалари, аҳоли пунктлари 2267 та қишлоқ ва 158 та овулдан иборат бўлган.
Шундай қилиб, 1886 йилги Низомдан сўнг ўлка идораси марказий, вилоят, туман (уезд), жабҳа (участка), қишлоқ ва шаҳар бошқаруви шаклида ташкил топди. Самарқанд шаҳри вилоят бошқаруви қароргоҳи ҳисобланган.
Сиёсий бошқарувда олиб борилган ўзгаришлар маҳаллий бошқарувдаги ташкилот ва кадрларнинг шаклланишига олиб келди. Жумладан, дастлаб Зарафшон округида Самарқанд ва Каттақўрғон бўлимлари ташкил этилган эди. Шу муносабат билан чор маъмурияти томонидан округ бошқарув тизимида янги лавозимлар ташкил этилди. Хусусан, Туркистон генерал-губернаторининг 1869 йил 24 октябрдаги тасдиғи билан Зарафшон округи бошқаруви асосан қуйидаги лавозимлардан иборат бўлди:
Зарафшон округи бошлиғи, Зарафшон округи Девонхонаси бошлиғи, Девонхона иш юритувчиси. Бўлимлари бўйича: Самарқанд бўлими ва Каттақўрғон бўлими бошлиғи, бўлим ёрдамчилари (бири руслардан, яна бири маҳаллий аҳоли вакилидан) таржимонлар ва бошқа лавозимлар шулар жумласига кирди.
«Зарафшон округини бошқаришнинг муваққат қоидалари»га кўра, округ бошлиғи измида ҳарбий, маъмурий, полиция ва судлов ҳокимияти бўлган. Шу билан бир қаторда, Зарафшон округи маъмуриятига дипломатик вазифалар ҳам берилганди. Яъни, Зарафшон округи бошлиғининг ваколатига қўшни Бухоро амирлигининг бекликлари билан «чегара муносабатларини олиб бориш» ҳам кирди.
Округни рус армияси генералларидан шахсан подшонинг ўзи тайинлайдиган кишилар бошқарган. Зарафшон округи маркази ҳисобланган Самарқанд шаҳрида ҳам шаҳар бошқаруви таркиби қуйидаги бўлимлардан иборат бўлган:
- Округда умухалқ ишлари бўйича мудир ва шаҳар архитектори.
- Округда суғориш ишлари бўйича мудир.
- Округдаги акциз солиқлари бўйича мудир.
- Шаҳар ҳокими.
Айтиш жоизки, ҳарбийлаштирилган бюрократия округдаги (кейинчалик вилоятдаги) бошқарув тизимининг барча асосий нуқталарини эгаллаган эди. Фақат волость ва қишлоқ даражасидаги бошқарувни ташкил этиш гўё маҳаллий жамият ихтиёрига берилганди.
1886 йилги «Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги Низом»дан сўнг Зарафшон округи Самарқанд вилояти деб ўзгартирилди ва вилоят, туман, (уезд), жабҳа (участка), қишлоқ ва шаҳар бошқаруви шаклида ташкил топди.
Вилоят бошқаруви: ҳарбий губернатор ва вилоят бошқармасидан иборат бўлди. Самарқанд вилоят бошқармаси 3 бўлимдан иборат бўлган:
1) Фармойиш берадиган бўлим;
2) Хўжалик бўлими;
3) Ссуда бўлими.
Самарқанд вилоят бошқармаси ҳарбий губернаторга бўйсунган. Вилоятни рус армияси генералларидан шахсан подшонинг ўзи тайинлайдиган ҳарбий губернаторлар бошқарган. Улар ҳарбий ва фуқаро ҳокимиятини ўз қўлида тутган. Ҳарбий соҳада вилоятдаги қўшинлар (дивизия ёки корпус) қўмондони, фуқаро ишларида эса губернатор ҳуқуқига эга бўлган барча маъмурий, полиция ва суд ҳокимияти ҳам уларнинг измида бўлган.
Яъни, ҳарбий губернаторларга моҳиятан диктаторлик ваколатлари берилган эди. Булар: волост бошқарувчиларини лавозимга тасдиқлаш ёки сайловлар бекор қилинган тақдирда, уларни ўз ихтиёрига кўра тайинлаш, халқ судьяларини ва судьяликка номзодларни тасдиқлаш ҳамда улар тасдиқланмаган тақдирда, янги сайловларни тайинлаш, ўз ихтиёрига кўра, уезд маъмурияти аъзоларини тайинлаш ва ишдан олиш (уезд бошлиғи бундан мустасно бўлиб, улар тўғрисида фақат генерал-губернатор номига тақдимнома ёзиларди); уезд бошлиқлари туб аҳоли вакилларига белгиланган жарима тўлаш юзасидан келган шикоятларни кўриб чиққан.
Шокир ҒАФФОРОВ,
тарих фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)