Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ИШИД тўлиқ йўқ қилинганини эълон қилди

Россиянинг Сурияда олиб борган ҳарбий операцияси Ислом давлатининг (ИД) тўлиқ йўқ бўлишига олиб келди. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, Сурияда миссиянинг ўтказилиши зарур бўлган.

“Бугунги кунга келиб бизда нима бор? Муҳими ИШИД тўлалигича йўқ қилинди. Бундан ташқари, бутун дунё халқаро яширин терроризмига сезиларли даражада зарар етказилганини, ташкилотларнинг молиявий кўмаги ва уларнинг захираларини қўллаб-қувватлаш тизими бузилганлигини ишонч билан айтиш мумкин”, дея Шойгунинг сўзларини келтирди “Звезда” телеканали.

У ўтган вақт давомида Россия ҳудудига биронта ҳам террорчи кирмаганини, РФ ҳарбийлари томонидан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида террорчилик гуруҳларининг Сурия ва бошқа давлатлардаги фаолиятининг кенгайишига қарши ишончли тўсиқ ўрнатилганини алоҳида таъкидлади.

Россия 2015 йилдан буён Сурия ҳукуматига халқаро терроризм билан кураш олиб боришда ёрдам бериб келмоқда. Россия Федерациясининг терроризмга қарши операцияси Дамашқ илтимосига биноан бошланган. 2018 йилнинг декабрь ойида Россия қуролли кучларининг асосий қисми Суриядан олиб чиқилиши ҳақида маълум қилинди.