Россияга кимлар, қандай кириши мумкин?

Россия Федерацияси Ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р-сонли қарорига кўра, жорий йилнинг 18 мартидан Россия Федерациясига қуйидаги хорижий фуқаролар киришига рухсат берилган:

- Россия Федерацияси ҳудудидаги аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларнинг ходимлари, ҳалқаро ташкилотлар ва уларнинг ваколатхоналари, шунингдек, ушбу шахсларнинг оила аъзоларига;

- ҳалқаро автомобиль йўналишидаги ҳайдовчилар, ҳаво, денгиз ва дарё кемаларнинг экипажлари, халқаро йўналишдаги темирйўл поезди ва локомотив бригадаларига;

- расмий делегация аъзоларига;

- яқин қариндошининг вафоти сабабли виза олган шахсларга;

- Россия Федерациясида доимий яшовчи шахсларга;

- ҳаво йўллари орқали транзит йўналишида ҳаракатланувчиларга.

Хорижий фуқаролар Россия Федерацияси ҳудудиги кириш учун юқоридаги тоифалардан бирига мансублиги ҳамда COVID-19 бўйича тест топширгани ва 72 соат давомида амал қилувчи манфий натижаси ҳақида маълумотномага, шунингдек, Роспотребнадзор сайти (www.rospotrebnadzor.ru)да эълон қилинган анкетанинг тўлдирилган шаклига эга бўлиши лозим.

Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси берган маълумотга кўра, элчихонадан рухсатнома олиши шарт эмас.

Россия чегарасидан ўтишда ўқиш ёки ишлаш мақсади, шунингдек, вақтинчалик (РВП) ва узоқ муддат (ВНЖ) яшаш ҳуқуқига эгалиги асос хисобланмайди, яъни оддий қилиб айтганда, ушбу тоифадаги шахслар Россияга вақтинча бора олишмайди.

Шу муносабат билан, фуқаролардан Россияга боришда номаълум шахсларнинг ҳар хил асосланмаган таклифларига ишонмасликлари сўралади.

А.ҲАФИЗОВ,

ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқанд вилояти минтақавий филиали бошлиғи.