Рустам Холмуродовга Боязид Йилдирим университети фахрий профессори унвони берилди
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов бошчилигидаги делегация “Ўзбекистоннинг ўтмиши ва бугуни” мавзуидаги халқаро симпозиумда иштирок этиш учун Анқара шаҳрида бўлиб турибди.
Анжуман доирасида Самарқанд ва Анқара университетлари ҳамкорлигини янада мастаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенг йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашди.
Туркий давлатлар ташкилотининг Истанбулда бўлиб ўтган саккизинчи саммитида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан фан-таълим соҳасини ривожлантириш, 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилиш ҳақидаги таклифлари таълим соҳаси ва ёш кадрлар тайёрлаш механизмини ишлаб чиқишга янги суръат бағишлаши қайд этилди.
Самарқандда узоқ йиллар фаолият юритган буюк аллома Али Қушчининг Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг Туркия олий таълими ривожига ҳисса қўшгани қардош халқларимизнинг таълим соҳасидаги алоқалари жуда қадимга бориб тақалишидан далолат экани таъкидланди.
Тадбирда Рустам Холмуродовга Боязид Йилдирим университети фахрий профессори унвони топширилди.
Ўзбек-турк олимлари Анқарада барпо этилаётган “Ўзбекистон хиёбони”га кўчат ўтқаздилар.
Фаррух ҲАМРОЕВ,
СамДУ ахборот хизмати раҳбари.