"SAM-FERRE" халқаро стандартларни забт этмоқда

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ургут туманидаги “SAM-FERRE” корхонасига пресс-тур уюштирилди.
Корхонада асосан маиший техника воситалари, жумладан, музлаткич, газ плитаси, чанг ютгич, электр печлар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар ички бозордан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Туркманистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Афғонистон давлатларига экспорт қилинади.
“SAM-FERRE” масъулияти чекланган жамияти экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида Германиянинг TÜV Thüringen лицензиясини олишга муваффақ бўлди.
– Корхона фаолияти билан танишман ва бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати жуда яхши - дейди Германиянинг TÜV Thüringen вакили, халқаро аудитор Марат Хабибулин. – Ранги ва кўриниши ҳам чиройли. Барча талабларга жавоб беради.
“SAM-FERRE” 2025 йил май ойида Интеграциялашган менежмент тизимининг (ИМТ) сертификатлаш аудитидан муваффақиятли ўтди ва бирданига тўртта халқаро стандартга мувофиқлиги тасдиқланди: ISO 9001 (сифат менежменти), ISO 14001 (экологик менежмент), ISO 45001 (меҳнат муҳофазаси ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги) ва ISO 50001 (энергия менежменти).
Интеграциялашган менежмент тизими корхонага сифатни самарали бошқариш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини беради. Бу нафақат халқаро талабларга мувофиқлик, балки барқарор ривожланиш ва халқаро бозорда рақобатбардошликни ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
– Саккиз йилдан буён шу ерда ишлайман, - дейди Дилафрўз Ғаффорова. – Тўрт ярим миллион сўм ойлик оламан. Тушлик, ишга келиб-кетиш корхона ҳисобидан. Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар халқимизга хизмат қилаётганидан фахрланамиз.
Назира ҲАМИДОВА