Самарқанд давлат тиббиёт институтининг халқаро алоқалари кенгаймоқда

Самарқанд давлат тиббиёт институти халқаро алоқаларни мунтазам кенгайтириб, чет давлатларнинг нуфузли идоралари ва олий таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқалар, келишувлар, меморандумлар тузиб, ўз фаолиятини хориж тажрибаси билан доимий уйғунлаштириб келяпти.
Кеча институтга Санкт-Петербург шаҳрининг ташқи алоқалар қўмитаси раиси Евгений Григорев бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Делегация тиббиёт йўналишида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизими янгиликлари, технологияларида ўзаро фикр алмашиш ва бу борадаги тажрибаларни ўртоқлашиш мақсадида институт фаолияти билан танишди.
Институт ректори Жасур Ризаев меҳмонларга олий таълим даргоҳининг бугунги фаолияти, келажакдаги режалари ҳақида гапириб берди.
Учрашув давомида Санкт-Петербургнинг С.М.Киров номидаги ҳарбий медицина академияси, биринчи Санкт-Петербург тиббиёт университети ҳамда Мечников номидаги шимолий-ғарбий тиббиёт университетлари билан олиб борилаётган яқин ҳамкорлик алоқаларига алоҳида урғу берилиб, институтнинг ҳозирги вақтгача ҳамкорликда қилинган ишлари муҳокама этилди.
Шунингдек, Санкт-Петербург шаҳри олий таълим муассасалари билан олий тиббий таълим, илмий фаолият, академик мобиллик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янги сифат даражасига олиб чиқиш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати.