Самарқанд давлат университетида Япониянинг Тоттори университети ваколатхона очади
Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов бошчилигидаги делегация Японияда бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган мақсад - Япониянинг Тоттори университети билан халқаро ва илмий соҳаларда ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш ҳамда профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, минтақаларда аграр соҳадаги технологияларни ўрганиш ва уларни Ўзбекистон шароитида татбиқ қилишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш.
Шу билан бирга, Японияда қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш бўйича ягона ҳисобланган Тоттори университети марказини СамДУда очиш бўйича музокаралар ва келишувлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Мазкур марказ Япония тажрибаси асосида қурғоқчил минтақаларда аграр соҳадаги замонавий технологияларни ўрганиш ва уларни Ўзбекистонга трансфер қилишни назарда тутади.
Р.Холмуродов Тоттори университетининг қурғоқчил минтақаларни тадқиқ қилиш халқаро маркази директори, профессор Тсужимото Ҳисаши билан учрашиб, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича музокаралар олиб борди. Шунингдек, марказ фаолияти ва лабораториялари билан танишди.
Тантанали маросимда Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов иштирок этди.
Япониядаги 800 та университет орасида 59-ўринда бўлган Тоттори университети, асосан, биология, кимё, ер фанлари, тиббиёт ва муҳандислик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайди. Талабаларнинг амалиётлари 23 давлатнинг 67 университетларида олиб борилади.
Бугунги кунда Тоттори университетида 20 та илмий-тадқиқот лабораториялари мавжуд. Дунё бўйлаб глобал аҳамиятга молик таълим ва илмий-техник лойиҳаларни амалга ошириб келаётган қурғоқчил минтақаларда таълим ва илмий-тадқиқот халқаро маркази дунёнинг турли нуқталарида ер илм-фанига оид муҳим мавзулардаги тадқиқотларни ривожлантиришга масъул ҳисобланади. Марказ шу кунга қадар 11 та давлатда узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.