Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги депутатлар нигоҳида
Самарқанд дунёнинг узоқ ўтмиш маданиятига эга қадим шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бу шаҳарда таҳсил олиб етишиб чиққан олиму фузалолар дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган. Жаҳон маданиятига Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Шамсиддин Муҳаммад Хавофий, Али Қушчи, Абдураҳмон Жомий каби йирик алломаларни етиштириб берган ана шундай илм даргоҳи Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳисобланади. Мирзо Улуғбек мадрасасининг вориси сифатида фаолият олиб бораётган Самарқанд давлат университетидан ҳам турли даврларда П.Солиев (1927 йилда Самарқанддаги Олий педагогика институтида иш бошлаган), Ҳамид Олимжон (1928-1931), Иброҳим Мўминов (1928-1931), Миртемир (1929-1932), Амин Умарий (1931-1934), Шароф Рашидов (1937-1941), А.Отахўжаев (1944-1948), Душан Файзий (1947-1952), Б.Валихўжаев (1948-1953), Б.Бойқобилов (1958-1962), Омон Матжон (1965-1969) каби сиёсатчи, шоир ва фан арбоблари етишиб чиққан.
Мирзо Улуғбек мадрасасига 1420 йилда Соҳибқирон Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбек асос солган бўлиб, 2020 йил 21 сентябрда ушбу мадраса ўз фаолиятини бошлаганига 600 йил тўлади. Фаолияти давомида турли сиёсий жараёнлар ва тархий бурилишларга қарамай, Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолияти узлуксиз равишда 1920 йилга қадар давом этган ва мадраса замирида шаклланган Педагогика академиясининг кейинги фаолияти давомида 1927 йилдан бошлаб Самарқанд давлат университети шаклланиши учун замин яралган. Кейинги 20 йил давомида олимлар томонидан олиб борилган илмий тадқиқотлар буни исботлади. Шу муносабат билан Самарқанд давлат университетининг Мирзо Улуғбек мадрасаи олияси вориси сифатида шаклланган¬лигига 600 йил тўлишини республикада кенг нишонлаш бўйича қизғин ишлар бошланди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўнлаб буюк аждодларимиз ва қадим тарихга эга шаҳарларнинг юбилейлари нишонланди. Лекин бугунги кунга қадар Республикамизда таълим ва фан ёки алоҳида бир олий таълим муассасасининг юбилей санаси нишонланган эмас. Олий таълим муассасаларининг юбилей маросимлари, уларнинг ташкил топган кунини нишонлаш ҳамда уларнинг ёшини аниқлаш мамлакатимиз тарихида илк бора амалга оширилаётган ҳодисадир.
Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон Республикаси илм-фани, таълим тизимини барпо этиш ва ривожлантириш, халқимиз маданияти,
маърифатини юксалтириш борасидаги хизматлари, республика халқ хўжалигига кўп минг сонли юқори малакали кадрлар тайёрлаб бераётган олий таълим муассаса эканлиги, унинг Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг давомчиси ва юксак илмий салоҳиятга эга олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритаётганлиги дунё илм аҳли диққат эътиборида.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги халқ депутатлари кенгаши ҳам бу фикрни якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда. Самарқанд давлат университетининг илмий тадқиқотлар соҳасида эришаётган ютуқлари, ёш авлодни тарбиялашдаги хизматлари ҳамда ташкил топганлигининг 600 йиллиги муносабати билан кенг жамоатчиликнинг бу борадаги таклифларини инобатга олган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг VI чақириқ 10-сессиясида Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейини 2020 йил 21 сентябрь куни тантанали нишонлаш тўғрисида қабул қилган қарори ҳам буннинг яққол исботидир.
Ушбу қарор Самарқанд давлат университети 600 йиллик юбилейини нишонлашнинг ҳуқуқий асосларидан бири бўлди. Қарорнинг алоҳида бандларида:
- Самарқанд давлат университети ташкил топганлигининг 600 йиллигини нишонлаш тадбирларини юксак даражада ўтказиш юзасидан ишчи гуруҳи тузиш;
- амалий тадқиқотларга оид ютуқларни кенг ёритиш ҳамда миллий таълим стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
- “Ўзбекистонда илм-фан, олий таълим тизимининг шаклланиши ва тараққиётида Самарқанд давлат университетининг тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш;
- ёш олимлар, иқтидорли талабалар, ўрта мактаб ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари учун турли танловлар, фан олимпиадалари ва фестиваллар ташкил этиш каби университет тараққиёти учун хизмат қилувчи муҳим масалалар илгари сурилган.
Мазкур тадбирларнинг амалга оширилиши ўзининг 600 йиллигини нишонлаётган Самарқанд давлат университетининг келажакда янада тараққий этишини таъминлайди.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
СамДУ ректори.