Самарқанд мактабларига салкам 18 минг дона китоб юборилди

Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижод уйи билан ҳамкорликда китоблар карвони республикадаги барча мактабларга жўнатилди. Жумладан, минглаб бадиий адабиётлар, ўқувчилар билими, дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қиладиган маънавият ва маърифат булоғи бўлган китоблар Самарқандга ҳам етиб келди.

97 номдаги 17671 дона буюк ёзувчи ва шоирларимизнинг асарлари, жаҳон адабиёти вакилларининг ноёб китоблари, Ўзбекистон тарихи, маданиятидан сўзловчи китоб-альбомлардан иборат китоблар карвони самарқандлик китобхон ўқувчи-ёшларга совға қилинди. Китоблар орасида “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, “Қизил китоб” ва яна бир қанча ўнлаб ноёб адабиётларнинг борлиги ўқувчиларнинг билимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Вилоят “Таълим-таъминот” давлат унитар корхонасида қабул қилиб олинган китоблар карвони туман ва шаҳарлардаги мактабларга тарқатилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 8-, 45-умумтаълим мактабларига китобларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.