Самарқанд шаҳар ҳокими: муаммолар икки кун ичида ҳал этилиши керак

Самарқанд шаҳридаги Ватанпарвар боғида шаҳар сектор раҳбарларининг аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди.

Тўртта сектор раҳбарлари, шаҳар ҳокими ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирок этган сайёр қабулга келган юзга яқин фуқаронинг мурожаатлари диққат билан тингланиб, муаммоларига ечим изланди.

- Ягона боқувчимиз - эрим бир неча йилдан буён жигар касаллиги билан оғрийди, яқиндан бошлаб кўзлари ҳам анча хиралашиб, кўрмай қоляпти, - дейди Самарқанд шаҳаридаги Спетамен шоҳкўчаси 154-уй, 85-хонадонда яшовчи Ўғилой Эргашева. - Ҳокимдан эримни нафақага чиқаришда ёрдам сўрадим. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси масъулларига топшириқ берди. Улар уйимизга бориб оилавий шароитимизни ўрганиб кўрадиган, турмуш ўртоғимни ҳам тиббий кўрикдан ўтказиб, нафақага чиқишига ёрдам қиладиган бўлишди. 

Хишрав шаҳарчаси Мевали кўчасида яшовчи Г.Ҳасанова ва Г.Асатиллаевалар ўзларининг маҳалласида совуқ кунлар бошланиши билан табиий газ муаммо бўлаётганини таъкидлашди.

- Табиий газ учун тўловни олдиндан тўласак ҳам доим газ танқислиги сезилади, - дейди Г.Асатиллаева. – Мутасаддилар газ миқдорини кўпайтиришга ваъда беришади-ю, амалда бажарилмай қоляпти. Шунинг учун кўчамизда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар билан сайёр қабулга келдик. Бизнинг дардимизни тинглаб, яна ваъда беришди. Шаҳар газ таъминоти идораси раҳбарлари бориб ўрганиб чиқишар экан.

- Сайёр қабулда якка тартибдаги уй-жой қурилиши муаммолари билан боғлиқ 5 та мурожаат бўлди, - дейди шаҳар ҳокимининг ўринбосари Рустам Олимов. – Уларнинг бирига уйининг томини ёпиш учун қурилиш маҳсулотлари, жумладан, шифер ажратиб берадиган бўлдик. Фуқароларнинг мурожаатларидан 3 таси шу ернинг ўзида ҳал бўлди. Қолган иккитасини эса икки кун ичида жойига бориб ўрганиб, ижобий ҳал қиламиз.

Қабулда мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Қолганлари алоҳида назоратга олинди, уларнинг ижросини икки кун ичида таъминлашлари учун тегишли масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Дилмурод Тўхтаев.