Самарқанд шаҳрини кенгайтириш маъқулланди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма учинчи сессияси ўтказилди. Сессия ишини Кенгашдаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи раҳбари Шерали Йўлдошев бошқарди.

Депутатлар дастлаб Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Паст Дарғом, Самарқанд ва Тойлоқ туманларининг мавжуд маъмурий-ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 25 ноябрь куни вилоятимизга ташрифи чоғида Оқдарё, Паст Дарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманларининг шаҳарга туташ ҳудудларини Самарқанд шаҳрига қўшиш орқали уни бир миллионли шаҳарга айлантириш, аҳолининг урбанизация даражасини ошириш ишлари давом этишини таъкидлаган эди.

Самарқанд шаҳар ҳудудини кенгайтириш бўйича берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари Самарқанд шаҳар ва Оқдарё, Паст Дарғом, Самарқанд, Тойлоқ туманлари кенгашларининг сессияларида мазкур ҳудудлар чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган эди. Ушбу қарорларга кўра, Пастдаргом туманидан 1242 гектар майдон (7 та маҳалла, 20 минг аҳоли), Тойлоқдан 1266 гектар (8 маҳалла, 12 минг аҳоли), Самарқанд туманидан 13308 гектар (68 маҳалла, 235 минг аҳоли), Оқдарёдан 1411 гектар (2 маҳалла, 10 минг аҳоли) Самарқанд шаҳрига ўтказилади.

Сессияда иштирок этган вилоят ҳокими ўринбосари Наврўзжон Раҳмоновнинг қайд этишича, маъмурий-ҳудудий чегараларнинг ўзгариши натижасида шаҳар ҳудуди 28403 гектарга, аҳолиси эса 880 минг нафарга етади. Шаҳарнинг кенгайиши ва аҳоли сони ошиши одамлар учун замонавий инфратузилма ва қулай турмуш шароити яратиш, янги иш ўринлари очиш, ижтимоий соҳа муассасалари ташкил этиш, янги уй-жойлар қуриш каби узоқ муддатли дастурларни амалга оширишга асос бўлади.

Сессияда шаҳар ҳудудини кенгайтириш бўйича маҳаллий кенгашлар қарорлари асосида тегиши қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Фаррух Бобоев солиқ хизмати органлари томонидан бюджет даромадлари ижроси ва қўшимча солиқ тушумларини таъминлаш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Таъкидланишича, вилоятда 2025 йил учун белгиланган 6 триллион 95 миллиард сўм бюджет даромадлари прогноз режаси 9 декабрь ҳолатига 6 триллион 177 миллиард сўм (101 фоиз)га бажарилиши таъминланди. Солиқ тушумлари ҳам 127 фоизга бажарилди.

– Солиқ тўловчиларда тўлов интизоми ошиши натижасида йилнинг январь-ноябрь ойларида вилоят миқёсида юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажарилиши 96 фоизни ташкил этди, – деди Ф.Бобоев. – Солиқ инспекторлари ва “Маҳалла еттилиги”нинг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида жисмоний шахснинг турар жой объектлари учун 590,6 миллиард сўм солиқ ундирилди ва унинг 59,1 миллиард сўми маҳалла бюджетида қолди. Ҳисобот даврида солиқ органлари томонидан 65 минг 129 та қўшимча объект аниқланиб, 56,8 миллиард сўм мол-мулк ва ер солиғи ҳисобланди. 17 минг  291 та корхонада 15 минг 472 нафар норасмий ишчининг фаолияти легаллаштирилиши натижасида 20,4 миллиард сўм иш ҳақи фонди яратилиб, қўшимча 4,6 миллиард сўм даромад солиғи ундирилди. 14 минг 425 та субъектда 306,1 миллиард сўмлик товар айланмаси қайта ҳисоботлар олиниши ҳисобига оширилди ва қўшимча 24,7 миллиард сўм айланмадан олинадиган солиқ ундирилиши таъминланди. Ноқонуний фаолият кўрсатаётган 9328 нафар тадбиркор янгидан рўйхатдан ўтказилди.

2025 йил 1 декабрь ҳолатига махсус рўйхатдан ўтган қўшимча қиймат солиғи тўловчилар сони 18 минг 75 тани ташкил этди ва бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга кўпайди.

Ҳисобот даврида 3,4 минг солиқ тўловчида ўтказилган камерал солиқ текширувларида 1 триллион 292 миллиард сўм тафовутлар аниқланган. Шунингдек, “Солиқ” мобил иловасининг “Солиқ ҳамкор” тизими орқали 8338 та солиқ ҳуқуқбузарлиги ҳақида мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида 3747 та сайёр солиқ текшируви ўтказилиб, 18,6 миллиард сўмлик жарималар қўлланилган.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича хабар берган фуқароларга 1024 та ҳолат бўйича ундирилган жарима суммасидан 20 фоиз – 512,4 миллион сўм мукофот пули сифатида тўлаб берилган.

Солиқларни тўламаслик хавфи юқори бўлган 234 та тадбиркорлик субъектида ўтказилган солиқ аудитлари  давомида 195 та солиқ тўловчида 808,9 миллиард сўмлик солиқ базаси яширилгани аниқланган.

Депутатлар ҳисобот юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Сессияда энергетика вазирлиги томонидан амалга оширилиши ва Жаҳон банки томонидан молиялаштирилиши режалаштирилган “Қоракўл” ва “Нуробод” подстанцияларини боғловчи 500 кВ электр узатиш тармоғини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш лойиҳа концепцияси тўғрисидаги ҳамда Кенгаш ваколатига тегишли бошқа масалалар ҳам кўрилиб, қарорлар қабул қилинди.