Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ислоҳ қилишга муҳтож

Бугун каналимизда "Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси йўлчиларига саволлар!" номли танқидий мақола берган эдик. Ушбу материалга ўқувчиларимиздан бири шундай муносабат билдирибди:
"Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ислоҳ қилишга муҳтож. Яъни, Самарқанд шаҳрида алоҳида йўлларга хизмат кўрсатиш компаниясини ташкил қилиб, унга профессионал йўлчиларни ишга олиш ва замонавий техника билан таьминлаш керак.
XXI асрда дунёнинг диққат марказида бўлиб турган туризм шаҳри Самарқандга қачонга совет иттифоқи давридан қолган тракторлардан, ёлланма, кунлик ишчилардан фойдаланиб, ободонлаштириш ишлари қилинади. Ички йўлларда шунақанги чуқурлар борки, ҳатто сув тўлдириб бемалол бассейн сифатида фойдаланса бўлади. Шундай кўчалар борки, кўча бўлиб пайдо бўлганидан бери тротуар, пиёдалар йўлаги қилинмаган, лотоклар, дренаж, яшил зоналар йўқ. Баъзида одам ғазабланиб кетади: наҳотки, шу оддий, аммо халқнинг кайфиятига таъсир қиладиган хунук ишлар шаҳар ҳокимлиги масъулларининг парвойига келмаса.
Мен ҳар куни Шота Руставели кўчасидан ишга боғчага, мактабга қатнайман. Фарзандларим: "Дада, бу ямалар мен кичкиналигимдаям бор эди, нега буни тўғирлашмаяпти?", деб сўрайди. Мен нима дейишимни билмай бирор кун масъуллар эътибор қаратар, виждон уйғонар, деб қўяман ичимда.
Хўш, Самарқанд шаҳридаги инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни хуржун бўлишининг сабаби нима? Маблағ, дейдиган бўлсак, шаҳар ҳокимлиги бир йилда ҳамма ички кўчаларни хатлов қилиб, навбати билан дастурга киритиб, республикадан маблағ сўралса шу пайтгача анча кўчаларни обод қилса бўларди.
Ташаббус йўқ, таклиф йўқ. "Бизда ҳаммаси яхши, кўчаларимиз обод, пиёдалар ва велойўлаклар, яшил ҳудудлар қилинган", деб ўзларини ўзлари алдайди.
Тўғри, асосий йўллар яъни меҳмонлар ҳаракатланадиган йўналишлар текис ва обод, лекин маҳаллалар ичидан чиқиш-кириш, ички йўллари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Маҳаллий масъулларнинг ишига хориждан келган делегациялар эмас, балки шу ерда яшайдиган халқ ва ташриф буюрадиган сайёҳлар баҳосини беради.