Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Иштихон туманларидаги дорихоналарда “Электрон рецепт” тизими жорий этилмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори билан Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш паспортига ўзгартиш киритилмоқда.
Унга мувофиқ, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ҳамда тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилаётган 15 та туман (шаҳар)да, 2026 йил якунига қадар эса республиканинг барча ҳудудларидаги дорихоналар “Электрон рецепт” модули билан белгиланган маълумотларнинг реал вақт режимида алмашилишини таъминлаши шарт. Самарқандда бу тажриба-синов лойиҳаси Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Булунғур туманларида амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, дорихоналар томонидан рецепт асосида бериладиган дори воситасини рецептсиз берганлик учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланган.
Эндиликда бундай дори воситаларини харид қилишда юртдошларимиз дорихонага, албатта, шифокор томонидан тизимга киритилган электрон рецепт асосида мурожаат этишлари тавсия қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, "Электрон рецепт" тизимини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад - даволаш хавфсизлигини ошириш ва беморлар саломатлигини ҳимоя қилиш, шифокорларнинг дори тайинлашдаги масъулиятини кучайтириш, дори воситаларини тайинлаш жараёнини тартибга солиш, соғлиқни сақлаш тизимида рақамли ҳисобга ўтиш, шунингдек, контрафакт ёки нотўғри қўлланилаётган дори воситалари айланмаси билан боғлиқ хавфларни камайтиришдан иборат.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларнинг хавотирини тўлиқ тушунади ва таъкидлайди: фавқулодда ҳолатларда, шунингдек, болаларга, кекса ёшдаги шахсларга ва сурункали касалликка чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда ҳеч ким зарур дори воситаларисиз қолмайди. Ушбу тоифадаги беморлар алоҳида назоратда бўлади.
Янги тизимни жорий қилиш даври мобайнида Соғлиқни сақлаш вазирлигида вазир раҳбарлигида доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳ ташкил этилган. Ушбу гуруҳ таркибига шифокорлар, дорихона ташкилотлари ва АКТ мутахассислари киради. Ишчи гуруҳ тизимнинг амалда қўлланилишини мунтазам мониторинг қилади, фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг мурожаатларини кўриб чиқади, поликлиникаларга тушаётган юкламани, рақамли сервислар барқарорлигини ва дори воситаларини бериш тартибини таҳлил қилади. Зарур ҳолларда тезкор тарзда тегишли тузатишлар киритилади.
Шифокор рецептисиз бериладиган асосий ҳаётий муҳим дори воситаларининг базавий рўйхати шакллантирилган. Унинг мақсади — кундалик ва фавқулодда маиший ҳолатларда аҳолига тезкор тиббий ёрдам олиш имкониятини таъминлашдир. Рўйхат халқаро амалиёт, шифокорлар тавсиялари ва ҳаётий ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий ахборот ресурсларида эълон қилинган. Бу жараёнда у амалий қўлланиш натижалари ва келиб тушаётган таклифлар асосида аниқлаштирилиши ва тўлдирилиши мумкин.
Дарвоқе, "Электрон рецепт" тизими билан боғлиқ масалалардаги аҳоли мурожаатлари ва саволларига тезкор жавоб бериш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Ишонч телефони" базасида мунтазам фаолият юритувчи 1003 қисқа рақамли “Сall-марказ” ташкил этилди.