Самарқанд шаҳрида этнография музейлари ҳамда “Этнография маҳалласи” барпо этилса...
Тарихий ёзма манбаларда Самарқанднинг ёши қадимийлиги ҳақида маълумотлар кўп. Муҳаммад ан-Насафийнинг “Ал-Қанд фий зикри уламои”, Ҳайдар ас-Самарқандийнинг “Қандияи Хурд”, Абу Тоҳирхўжа Самарқандийнинг “Самария”, хитойлик солномачи Чжан Сян, юнон ва римлик тарихчилар Арриан, Курсий Руф ва бошқа кўплаб муаллифларнинг асарларида бу ҳақда ёзиб ўтилган.
Шарқда Самарқанд ва Ғарбда Рим – инсоният тақдиридаги буюк хизматларини назарда тутиб “Боқий шаҳарлар” номини олган. Халқ иборасида “Самарқанд сайқали рўйи замин аст” – “Самарқанд ер юзининг сайқали” (жилоси) деб беҳудага айтилмаган.
Амир Темур Самарқандни меҳр билан қадрлади, обод қилди, дунёнинг сайқалига айлантирди. Самарқанд қадимий тарихи ва меъморий ёдгорликлари туфайли бутун дунё тан олган ҳақиқий музей шаҳрига айланди. Шу боис республика ҳукумати қарори билан 1982 йилда Самарқанднинг Афросиёб шаҳристони, ўрта асрларда бунёд этилган меъморий ёдгорликлар ва XIX-XX асрларда қурилган янги шаҳар қисмидаги бинолар, тарих ва ўлкашунослик музейлари асосида “Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий музей-қўриқхонаси” (ҳозирги “Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси”) тузилди. Ўша йилнинг ўзида шаҳарнинг тарихий қисмини муҳофазалаш чегаралари белгиланди.
Самарқанд меъморий-тарихий ёдгорликлари 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Финландияда ўтказилган 25-сессиясида “Жаҳон мероси” рўйхатига киритилди. Самарқандда 73 та йирик тарихий-меъморий ёдгорлик мавжуд: Регистон, Шоҳи Зинда ва Хўжа Абдидарун мажмуалари, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Бибихоним жоме масжиди, Руҳобод мақбараси, Хўжа Аҳрор, Ҳазрати Хизр масжидлари ва бошқалар сақланиб қолган.
XIX аср ўрталарида этнографиянинг фан сифатида вужудга келиши дастлаб Европа ва Америка қитъаларида махсус этнографик музейларнинг шаклланишига сабаб бўлди. Улар эса этнографик билимларни тарғиб қилиш ва тадқиқотлар олиб боришнинг мустақил марказларига айланиб борди. Санкт-Петербург Фанлар академиясининг Этнографик музейи император Пётр I Кунсткамерасидан ажралган биринчи этнографик марказлардан бири эди. 1852 йилда Нюрнбергда немис халқи маданиятига оид коллекцияларни намойиш этувчи "Немис музейи" очилди. 1855 йилда Берлинда янги музей ташкил этилди ва кейинчалик у "Этнография музейи" номини олди. Худди шу йилларда Вашингтонда йирик этнографик бўлимга эга бўлган Миллий музей очилди. XIX асрнинг 60-йилларида Британия музейининг этнографик бўлими, 70-йилларида эса АҚШда Бостон музейи, Парижда Тросадеро этнография музейи иш бошлаган. Бугунги кунга келиб дунёдаги йирик этнографик музейларнинг сони 25 тадан ошди.
Музей иши ва этнография фанининг ривожланиши, моддий маданиятга оид бўлган артефактларни сақлаб қолишнинг муҳимлигини тушуниб бориш XIX аср охирида Европада янги типдаги – “очиқ осмон остидаги музейлар”нинг ҳам ташкил этилишига олиб келди. Кейинги йилларда деярли барча жойда этнографик ёки этнографик-ўлкашунослик музейлари пайдо бўлди. ХХ асрнинг 70-йилларида уларни дунёнинг энг чекка ҳудудларида ҳам учратиш мумкин эди.
Ўзбекистонда алоҳида этнографик музейлар мавжуд бўлмаса-да, этнографик коллекциялар деярли барча музейларда учрайди. Уларнинг воситасида жаҳон андозаларига мос “этномузейлар” ташкил этишда Ўзбекистондаги энг катта этнографик коллекцияларга эга бўлган Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси мисолида этнографик коллекцияларни тўплаш, ўрганиш ва музейлаштириш масалаларини тадқиқ этиш, бу борадаги муаммоларни ўрганиш ва ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш долзарб масаладир.
Мамлакатимизда кейинги йилларда “музей иши” соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида тадқиқотлар олиб бориш, музей ишига янгича муносабатда бўлиш имкониятини яратмоқда. Зеро, 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш”, деб номланган бешинчи устувор йўналишида муҳим вазифалар белгилаб берилган. Бу – музейлардаги ашёларни қабул қилиш, сақлаш, илмий жиҳатдан ўрганиш ҳамда музейлаштириш масалаларига янгича ёндашувнинг моҳиятини кўрсатиб берувчи асосий омил саналади.
Кейинги йилларда Самарқанд шаҳрида ўзига хос шаҳарсозлик анъаналари ривожланиб бормоқда. Тарихий ҳудудда Самарқанднинг шаҳарсозлик анъаналарини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Самарқанд шаҳрининг янги қўшилиб бораётган ҳудудларида замонавий шаҳарсозлик тамойиллари асосида кўпгина қурилишлар амалга оширилмоқда ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Айниқса, Самарқанд шаҳридан оқиб ўтадиган Сиёб ҳамда Оби Раҳмат ариқларининг атрофини тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар вилоят ҳокими таклифига кўра, бир гуруҳ тадбиркорларнинг ташаббуси билан амалга ошириляпти. Тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан Халқаро туризм марказидан бошланувчи 18 километрлик Сиёб ариғининг икки томонида ободонлаштириш ишларини олиб боришяпти.
Самарқанд шаҳри марказини янгидан барпо этилаётган Қорасув мавзеси билан бирлаштириш учун 2 та замонавий кўприк қуриш ишлари бошлаб юборилган. Чунончи, шу йўналишдаги Амир Темур ва Гагарин кўчаларида олиб борилаётган кенг миқёсли таъмирлаш ишлари бундан далолат беради ҳамда бу кўчаларнинг узвий давоми сифатида Қорасув мавзесига ўтувчи йирик осма кўприкни барпо этиш режалаштирилганлиги таҳсинга сазовор.
Самарқанд шаҳрида “очиқ осмон остида”ги этнография музейларини ҳамда “Этнография маҳалласи”ни ташкил этиш учун жуда катта имкониятлар мавжуд. Қорасув мавзесига туташадиган янги замонавий барпо этилажак йирик осма кўприк остида ва унга туташ Сиёб ариғининг вокзалорти ҳудудида “Этнография маҳалласи”ни ташкил этиш, умуман, тарихий деб баҳоланадиган Сиёб ва Оби Раҳмат ариқлари оқиб ўтадиган пастлик ҳудудларга, худди Конигил ҳунармандчилик маҳалласи ташкил этилганидек этнографик ландшафт бериш келажакда Самарқанд туризмини ривожлантириш учун жуда катта имкониятлар бериши мумкин.
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги этнография коллекцияси ашёлари асосида ҳамда халқимиз қўлида сақланиб келаётган этнография буюмларидан фойдаланиб “очиқ осмон остидаги музейлар” ҳамда “Этнография маҳалласи”ни ташкил этиш, келажакда бу ҳудудларда Наврўз сайилларини ўтказиш, умуман, тарихий кўнгилочар масканга айлантириш – ёш авлод онгу шуурида тарихимизга бўлган ҳурмат-эътибор ҳиссининг ошишига ҳамда Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳри бўлмиш азим Самарқандимизнинг довруғини дунёга таратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилган бўлар эди.
Собир Қўчқоров, Ўзбекистон-Финландия педагогика институти тарих ўқитувчиси.