Самарқанд шаҳридаги тадбиркор ўзининг муаллифлик ҳуқуқи бузилганини айтмоқда
Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳридаги “Tagroup” масъулияти чекланган жамияти дизайнерлари томонидан ишлаб чиқилган 50 га яқин турли хилдаги миллий безаклар туширилган футболкалар корхона тармоғига кирувчи shoptextile.uz онлайн дўкони орқали сотувга қўйилган.
Бу маҳсулотлар учун муаллифлик ҳуқуқини белгиловчи махсус сертификатлар ҳам мавжуд.
Яқинда shoptextile.uz онлайн дўкони мутасаддилари томонидан эксперимент тарзда кичик ўрганиш олиб борилганда шаҳардаги дўконларда айрим «тадбиркорлар» томонидан корхонанинг сертификатга эга дизайнларидан ноқонуний фойдаланиб, футболкаларга қадоқлаб сотаётганлиги аниқланган.
Шу ўринда муаллифлик ҳуқуқи ҳақида икки оғиз сўз:
Муаллифлик ҳуқуқи – ғоя (фикр) ёки маълумотнинг маълум бир кўринишдаги ифодаланишини тартибга солувчи эксклюзив ҳуқуқлар мажмуидир. Умумий қилиб айтганда, сўзма-сўз “кўчириш (нусха олиш)га бўлган ҳуқуқ”дир.
Муаллифлик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларида, шунингдек, “Муаллифлик ҳуқуқи ҳамда турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ўз аксини топган. Ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, муаллифлик ҳуқуқи бузилганлик ҳолатларида қонун доирасида жавобгарлик белгиланган.
Тадбиркорнинг айтишича, муаллифлик ҳуқуқини бузган тадбиркор билан бўлган суҳбат жараёнида у ўз хатосини тушуниб етган ва мутасаддиларга контрафакт маҳсулотларни савдо растасидан олиб ташлашини айтиб, бундай ноқонуний ҳолатлар қайта такрорланмаслиги, эндиликда интеллектуал мулк эгаси бўлган онлайн дўконига буюртма бериб ҳамкорликда ишлашини маълум қилган.