Самарқанд шаҳрининг эски СЭС биноси ўрнида янги оилавий поликлиника қад ростлади
Сўнгги пардозлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган мазкур тиббиёт муассасаси тез кунларда фойдаланишга топширилади.
Самарқанд шаҳридаги «Маъруф қурилишсервис» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бунёд этилаётган оилавий поликлиникага Инвестиция дастурига асосан 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ сарфланди.
- Қурилиш ишлари жорий йилнинг май ойида бошланган эди, - дейди «Маъруф қурилишсервис» МЧЖ раҳбари М.Миржамолов. - Айни кунда бу ерда корхонамиз қурувчиларидан ташқари 6 та ёрдамчи қурилиш корхона ишчилари ҳам меҳнат қилмоқда.
200 қатновга эга мазкур тиббиёт муассасаси ишга тушгач, замонавий лаборатория, рентген, стоматология ва 20 га яқин тор мутахассислар хоналарида 90 нафар малакали умумий амалиёт шифокорлари ҳамда ҳамширалар меҳнат қилади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.