Самарқанд шифохоналарида шу йил даволанган болаларнинг 20 фоизи бошқа вилоятлардан келган

Самарқанд вилояти аҳоли сони нуқтаи назаридан Республикада биринчи ўринда туради. Умумий аҳоли сонининг 36 фоизини эса 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Вилоятда болаларга тиббий хизмат кўрсатишни методик мувофиқлаштириш вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази зиммасига юклатилган. Ушбу марказ томонидан вилоятда болаларга тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш борасида ижобий ишлар қилинган. Хусусан, охирги йилларда бир қатор юқори технологияли хизматлар амалиётга киритилди. Булар қаторида болалар кардиохирургияси, болалар кўкрак қафаси деформацияларини даволаш, чақалоқлар хирургияси, лапароскопик хирургия ва ҳоказо.

Бир сўз билан айтганда, бугун Самарқанд вилоятидан бемор болалар юқори технологияли тиббий хизматга муҳтожлар нажот қидириб пойтахтга ёки бошқа юртларда юриши кескин камайди. Бир йилда болалар кардиохирургияси бўлимида 300 нафарга яқин болада туғма юрак нуқсони билан операция ўтказилди. Ҳозир аксинча, бошқа вилоятлардан болалар юқори технологияли хизмат қидириб Самарқандга келмоқда. Масалан,  биргина Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига 2018 йилда 27035 нафар ва 2019 йилда 31000 нафар бемор бошқа вилоятлардан мурожаат қилган.

2019 йилда мурожаатларнинг қарийб 20 фоизи бошқа вилоятдан. Шу билан бир қаторда ушбу мурожаатлар нафақат қўшни, балки республиканинг бошқа вилоятларидан ҳам бор. Буларнинг кўпчилиги юқори технологияли тиббий хизматга муҳтож беморлар ҳисобланади.

Бундан ташқари, вилоятда болаларда касалланишнинг олдини олиш борасида ҳам анча ишлар қилинган. Мисол учун чақалоқлар геморрагик касаллигини 100 фоиз профилактикаси ўтказилиши натижасида охирги 3 йилда ушбу касалликдан касалланиш кузатилмаган.

Вилоятда бола саломатлигига таъсир кўрсатувчи омиллар ўрганилиб, пропогантикаси яхши йўлга қўйилган. Хусусан, янги туғилган чақалоқни 6 ойгача фақат кўкрак сути билан боқиш, кўкрак сутининг моҳияти тўғрисида ишларга етарли даражада аҳамият берилган.

Юқорида амалга оширилган ишлар натижаси вилоятда болалар ўртасида касалланиш ва гўдаклар ўлими охирги йиллар давомида камайиб бориш тенденциясига эга. Жорий йил 8 ой давомида гўдаклар ўлими интенсив кўрсаткичи 6,1 промиллени ташкил қилади.

Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 8 ойи якуни мобайнида 354 нафар (1 ёшгача) гўдак нобуд бўлган. Ўтган йили шу даврда бу кўрсатгич 366 тани ташкил қилган. Гўдаклар ўлимини таҳлил қиладиган бўлсак, 354 нафар ўлганларнинг 139 (39,2 фоизи) нафари эрта неонатал даврда ёки бошқача қилиб айтганда, туғруқ уйларида нобуд бўлган. Уларнинг қарийб 60 фоизи ўта кам вазнли (500 гр – 1499 гр) чақалоқлар бўлган. Шу билан бир қаторда вилоятда педиатрия хизматини янаям такомиллаштириш, бундан ҳам яхши бўлишига эришиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Хулоса қилиб айтганда, юқорида келтирилган омиллар ва рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, Самарқанд вилоятида болаларга тиббий хизматни ташкил қилиш борасида қилинаётган ишлар Республика бўйича эътиборга лойиқ ҳамда ўз салоҳиятига эга.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.