Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд тадбиркорлари – Заркентда

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлар маслаҳат жамоатчилик кенгашининг навбатдаги сайёр йиғилиши вилоятнинг энг олис ҳудудларидан бири ҳисобланган Заркент шаҳарчасида ўтказилди.

Қўшработ туманидаги мазкур шаҳарча кончилар маскани ҳисобланади. Бу ерда "Навоий кон-металлургия комбинати" Жанубий кон бошқармасига қарашли "Зармитан" ва "Ғужумсой" конлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Уларда нафақат қўшработлик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ишчи-хизматчилар, кончилар меҳнат қилади. Шаҳарчада ана шу ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун муносиб турмуш шароити, замонавий инфратузилма яратилган.

Тадбиркорлар кончилар иш фаолияти, корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди.

Шундан сўнг шаҳарчадаги "Кончи" маданият уйида тадбиркорлар маслаҳат жамоатчилик кенгашининг йиғилиши ўтказилди.

Тадбир аввалида “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси бош муҳандиси Николай Снитка мазкур ҳудуддаги конлар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Шаҳарчада ишчилар ва уларнинг оила аъзолари, ҳудуднинг доимий аҳолиси эҳтиёжларидан келиб чиқиб фаолияти йўлга қўйилиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш йўналишларига эътибор қаратилди. Маҳаллий ва вилоятнинг турли ҳудудларидан борган тадбиркорлар бу борада ўз таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.

Тадбиркорлар кенгашида, шунингдек, Қўшработ тумани ҳокими Ҳ.Оқбўтаев ва туман ҳокимининг ўринбосари Ш.Раззоқов сўзга чиқиб, ҳудуднинг инвестициявий имкониятлари, келгуси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар, устувор йўналишлар ҳақида маълумот берди.

– Туманимизда 2016 йилда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари 1867 тани ташкил этган бўлса, бугун 6800 тадан ошди, – деди Ш.Раззоқов. – Лекин ҳали фойдаланилмаган имкониятлар, ишга солинмаган ресурслар жуда кўп. Мисол учун, қишлоқ хўжалиги йўналишида янги токзорлар ташкил этиш, маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш мумкин. Нима учун бундай ташаббусни билдиряпмиз? Сабаби - туманимизда 2018 йилда 3100 гектар узум майдонлари мавжуд эди, ҳозир эса токзорларимиз 7 минг гектардан ошди. 2022 йилда эса бу рақам 10 мингдан ошади.

Бундан ташқари, барча тоифадаги хўжаликларда 106 минг бош йирик шохли қорамол, 408 минг бош майда шохли, яъни қўй, эчки бор. Аммо ҳозирча туманимизда тери ва жунни қайта ишлаш корхонаси мавжуд эмас. Тадбиркорларимиз учун бу ҳам истиқболли йўналиш, деб ҳисоблаймиз.  

Тоғ-кон саноати йўналишида мармар, гранит ва кварц тошларини қазиб олиш ва пардозлаш ёки давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида олтин қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиш, заргарликни йўлга қўйиш мумкин.

Хизматлар йўналишида ҳам туманда катта имкониятлар мавжуд. Биргина Заркент шаҳарчасида меҳмонхонага эҳтиёж сезилади. Ҳозир мавжуд иккита кичик меҳмонхона бу эҳтиёжни тўла қондира олмайди. Бундан ташқари, Пангат ва Қизилбел ҳудудларида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун ёзги дам олиш масканлари ташкил этиш мумкин.

Агар шу ва бошқа йўналишларда иш бошлаш учун туманимизга келадиган инвесторга Давлат хизматлари марказига, солиқ идорасига бор демасдан, 1,5-2 соат ичида рўйхатдан ўтказиб фаолият бошлаши учун имконият яратиб берамиз.

Кенгаш аъзолари ушбу таклифлардан келиб чиқиб ўз фикрларини билдирдилар. Шунингдек, тумандаги “Оқчобсой” сув омборидан фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама этилиб, вилоятнинг салоҳиятли инвесторларига мазкур объектни ишга тушириб, қишлоқ хўжалиги бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклиф қилинди.