Самарқанд ва Коняга биродар шаҳарлар мақоми берилди

Айни кунларда Ўзбекистон делегацияси Туркияда ҳокимлар учун ўтказилаётган малака ошириш дастурида иштирок этмоқда.

Учрашув доирасида Турк дунёси муниципалитетлари иттифоқи президенти, Коня мери Иброҳим Алтай ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров ўртасида Самарқанд ва Коня шаҳарларининг биродар шаҳарлар мақомида ҳамкорлик қилиши бўйича протокол имзоланди.

Коня Туркиянинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, бой тарихи ва маданий мероси билан машҳур. Бундан ташқари, у муҳим саноат ва қишлоқ хўжалиги маркази ҳисобланади. Шаҳар доимий равишда турли давлатлардан келган сайёҳларни ўзига жалб этади. Шунингдек, бу ерда ёшларнинг ўсиши ва ривожланиши учун ҳам кенг имкониятлар мавжуд. Коня илмий тадқиқотлар ва IT-сектор тараққиётига ҳисса қўшувчи университетлар ва технопаркларга эга.

Имзоланган протокол доирасида томонларнинг ўзаро ҳурмат, ишонч ва тенглик тамойилларига асосланган ҳамкорликни ривожлантириш мақсадлари мустаҳкамланган. Хусусан, тажриба алмашинуви, иқтисодий ҳамкорлик, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар сиёсати, спорт, туризм, тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш, экология, энергетика, маданият, санъат, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, инвесторлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларни илгари суриш кўзда тутилган.

Протоколнинг имзоланиши Самарқанд ва Коня ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиб, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун янги имкониятларни очиши алоҳида таъкидланди.

Ташриф давомида Коня мериясида мазкур ҳудуддаги арзон уй-жой дастурларига бағишланган тақдимот ҳам ўтказилди. Шунингдек, замонавий шароитда туризмни ривожлантириш истиқболлари мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича долзарб масалалар ва имкониятларни муҳокама қилдилар.