Самарқанд вилояти ҳокими тадбиркорлар муаммоларини тинглади

Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят ҳокими Э.Турдимов тадбиркорларни қабул қилди.

36 нафар тадбиркор қурилишга рухсат олиш, ер ажратиш, кредит олиш, туман (шаҳар) ҳокими қарори чиқариш, хулоса бериш каби ўзларини қийнаётган масалаларга ечим топиш мақсадида мурожаат қилди. Учрашувгача тегишли мутасаддилар томонидан 23 та муаммога ечим топилди. Бугунги қабулда эса муаммосига ечим топилмаган 13 нафар тадбиркор қатнашди.

Вилоят ҳокими тадбиркорлар муаммоларини эшитиб, тегишли идоралар мутахассисларининг кичик эътиборсизлиги юзасидан катта муаммолар келиб чиқаётганлигини таъкидлади.

- Мутахассиснинг эътиборсизлиги туфайли тадбиркор сарсон бўлмоқда. Ваҳоланки, бугунги кун тадбиркори муаммони бартараф этиш билан эмас, янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан банд бўлмоғи лозим, - деди Э.Турдимов.