Пенза шаҳрида самарқандлик тадбиркорлар маҳаллий ишбилармонлар билан ҳамкорликда маҳсулот ишлаб чиқаришга келишиб олди
Самарқанд вилояти ва Россия Федерациясининг ҳудудлари ўртасида ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов бошчилигидаги вилоят ишчи гуруҳи Россиянинг Пенза вилояти савдо-саноат палатаси аъзолари билан бизнес-форум ўтказди.
Унда Самарқанд вилоятининг инвестицион салоҳияти, тадбиркорлик учун яратилган шароитлар тақдимоти ўтказилди. Форумда ва В2В учрашувларда ҳамкорликда озиқ-овқат ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш, Пенза шаҳрида фаолият юритаётган корхоналардаги бўш иш ўринларига кадрлар жалб қилишга катта қизиқиш билдирилди ва ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аҳзолари Пенза давлат аграр университети фаолияти билан танишди. Ушбу олийгоҳ қишлоқ хўжалик соҳаси учун кадрлар етказиб бериш ва илмий изланишлар ўтказишда етук таълим муассаса бўлиб, бу ерда 32 нафар фан доктори, 98 нафар фан номзоди фаолият кўрсатиб келмоқда. Изланишлар 9 та илмий марказда, 7 та замонавий жиҳозланган лабораторияларда, майдони 4743 гектар ва 777 бош қорамоли бўлган тажриба майдонларида ташкил этилган. Ишчи гуруҳ таркибидаги Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти агробиология факультети декани Ғ.Ғайбуллаев ҳамда иқтисодиёт ва бошқарув факультети декани Ж.Исаев мазкур университетда ҳамкорлик йўналишлари бўйича музокара ўтказиб, биргаликда илмий тадқиқотлар ташкил қилиш, ўқитувчи ва талаба алмашиш, халқаро конференцияларда иштирок этиш бўйича келишувга эришди.
Ишчи гуруҳи аъзолари Пенза шаҳридаги курка (индейка) етиштириш ва чуқур қайта ишлаш корхонасида, қишлоқ хўжалик ерларига ишлов бериш техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналарда ҳамда сут йўналишидаги йирик шохли чорвачилик фермер хўжаликларида ҳам бўлиб, ўзаро ҳамкорликда ишлаш имкониятларини муҳокама қилди.