Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида биринчи марта суяк илиги кўчириб ўтказилди
Суяк илиги кўчириб ўтқазиш қон тизими хасталиклари, туғма ва орттирилган иммун танқислиги, асаб тизимининг аутоиммун хасталиклари, шунингдек, болалар ва катталарда хавфли ўсма касалликларини даволашда самарали ва мураккаб усул ҳисобланади. Шу пайтгача мазкур жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган самарқандлик беморлар пойтахт ёки хорижга боришга мажбур бўлар эди. Яқинда самарқандлик шифокорлар бу жарроҳлик амалиётини ўзимизда бажаришди.
Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ушбу амалиёт бажарилгунга қадар пухта тайёргарлик кўрилди. Зарур жиҳозлар келтирилди, шифокорлар хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашди, бир қатор худди шундай амалиётларда иштирок этишди.
- Марказда ўн миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан иммуногенетика, молекуляр ва цитогенетик лабораториялар ташкил этилди, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Лутфулла Маҳманов. - Мазкур лабораториянинг ташкил этилиши мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётлари бажариш имкониятларини янада кенгайтирди. Шундан сўнг онкологик гемопоэтик ўзак ҳужайраси трансплантацияси амалиёти муваффақиятли бажарилди. Марказимиз ва пойтахтлик шифокорлар ҳамкорлигида илк марта ўтказилган ушбу операция муваффақиятли ўтди. Бунда давлат харажатлари ижтимоий суғурта орқали тўлаб берилгани туфайли бемор бу амалиёт учун маблағ сарфламади.
- Кейинги йилларда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида айниқса саратон хасталигини даволашда муҳим янгиликлар рўй бераётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, - дейди операцияда ҳамкорлик қилган Анқара онкология таълим ва тадқиқот шифохонаси профессори Фейзи Алтунташ. – Айниқса, Кимётерапия, нуртерапия, дори-дармонлар билан даволаш самарали йўлга қўйилаяпти. Шу пайтгача Тошкентда илик кўчириш операцияси амалга оширилар эди, эндиликда бу жарроҳликнинг Самарқандда ҳам ўтказилиши бошқа ҳудудларда ҳам тиббиёт анча олдинга қадам ташлаётганини англатади. Бу масалада Тошкент ва Самарқанд шифохоналари билан алоқаларни йўлга қўйганмиз.
Айни пайтда беморнинг аҳволи яхши, у даволаш муолажаларини давом эттирмоқда.
Гулруҳ Мўминова.