Тошкентда ўтказилган пластик жарроҳлик операциясида икки аёл вафот этди
Ижтимоий тармоқларда пластик жарроҳликдан сўнг икки аёл вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Ушбу иккала ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси текширув олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, 1976 йилда туғилган мемор Л.А. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Mont Blanc” хусусий клиникасига бурун тўсиғидаги шикояти билан мурожаат қилган. Унинг розилиги билан клиникада ташқи бурун деформацияси ва бурун тўсиғи қийшайишини тўғрилаш бўйича шифокорлар томонидан жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, бурун тўсиғи қийшайиши тўғриланган.
Жарроҳлик амалиётидан сўнг, бемор мустақил нафас олишга ўтказилган ва беморга антибактериал даво мақсадида тиббий муолажалар кўрсатилган.
Шундан сўнг беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва чуқурлаштирилган текширишлар ўтказиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган.
Марказ шифокорлари томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, бемор шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Суд тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, Л.А. ўлими “бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши натижасида юзага келган чап бош мия яримшарлари асосини геморрогик инсульт”дан юз берганлиги қайд қилинган.
Шунингдек, 1999 йилда туғилган бемор Ш.Г. ҳам айнан “Mont Blanc” хусусий шифохонасида жарроҳлик столига ётган. Операцияни ўтказиш вақтида унга юборилган наркоз нотўғри таъсир қилиши натижасида аҳволи оғирлашган ва у зудлик билан Олмазор туманида жойлашган “Аkfа medline” хусусий шифохонасига олиб келинган. Унга керакли тиббий муолажалар амалга оширилганига қарамасдан, бемор Ш.Г. ушбу шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан тергов олди текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Mont Blanc” хусусий клиникасида ўтказилган жарроҳлик амалиёти бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига хизмат текширув тайинланган.