Самарқанд вилояти ҳокимининг тўрт ўринбосари ўзгарди

Кейинги бир йил давомида Нарпай тумани ҳокими вазифасида фаолият кўрсатган Шербек Бўронов вилоят ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Мутахассислиги иқтисодчи бўлган Ш.Бўронов Нарпайга раҳбар бўлгунга қадар аввалги чақириқда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати эди.

Вилоят ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасига Наврўз Раҳмонов тайинланди.

Бунгача Н.Раҳмонов вилоят ҳокими ўринбосари котибияти мудири эди.

Бугун Ургут тумани ҳокими вазифасидан озод этилган Ботир Жабборов вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимида иш бошлади.

Ушбу вазифада ишлаган Шунқор Худойбердиев бугун Пайариқ туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Шунингдек, бугун вилоят ҳокимининг ўринбосари - вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ҳам ўзгарди. Ушбу лавозимга шу пайтгача Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлган Хуршидбек Самиев тайинланди.

Аввал вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, кейинчалик республика Савдо-саноат палатаси раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган Жамшид Ўроқов вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасида иш бошлади.

Эслатиб ўтамиз, бугун Пайариқ, Тойлоқ, Ургут туманларида навбатдан ташқари сессиялар ўтказилиб, мазкур ҳудудлар ҳокимлари ўзгарди. Вилоят солиқ бошқармасида ҳам янги раҳбар иш бошлади.