Самарқанд вилояти Кенгашининг 89-сессияси 11 августда ўтказилади

Бу ҳақда вилоят ҳокими Э.Турдимов шу йил 4 августда қабул қилган “Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги олтинчи чақириқ, саксон тўққизинчи сессиясини чақириш тўғрисида”ги қарорида белгилади.

Қарорга кўра, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг саксон тўққизинчи сессияси 2023 йил 11 август куни чақирилади.

Сессия кун тартибига қуйидаги масалалар киритилган:

- Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 июлдаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш ишларини янада жадаллаштириш тўғрисида“ 294/23-сонли қарори ижроси юзасидан “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раиси У.Назаров ва “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали бошлиғи А.Муҳаммадиевнинг ҳисоботлари ҳақида;

- вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаров 2023 йил биринчи ярим йиллигида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида;

- вилоятда 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат ва маҳаллий бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичларининг ижроси тўғрисида вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаевнинг ҳисоботи тўғрисида;

- вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Б.Шайматовнинг вилоятда жойлашган моддий маданий мерос объектлари ва маданий бойликларни аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, асраш ва улардан оқилона фойдаланиш, музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолати юзасидан ахбороти ҳақида;

- вилоят сектор раҳбарларининг ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил қилиш бўйича “Йўл харита”ларини тасдиқлаш тўғрисида;

- вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисида;

- халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида;

- юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тўғрисида;

- бошқа масалалар.