Самарқандда 1130 та сайлов участкаси тузилди

Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов участкаларини тузиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сайлов кодексига кўра, сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг, ҳарбий қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш муассасалари бошлиқларининг тақдимномасига биноан ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Сайлов участкалари, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда ташкил этилади.

– Вилоят ҳудудий сайлов комиссиясига туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳамда Сайлов кодексида назарда тутилган муассаса ва ташкилотлардан берилган тақдимномалар асосида 1130 та сайлов участкаси тузишимиз зарур, – деди Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Санжар Назаров. – Тақдимномаларга кўра, сайлов участкаларининг 878 таси умуий ўрта таълим мактабларида, 67 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 59 таси тиббиёт муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида, 14 таси ҳарбий қисм, озодликдан маҳрум этиш муассасаларида жойлашади. Сайловчилар сонидан келиб чиқиб энг кўп сайлов участкалари Самарқанд шаҳри (180), Ургут (127) ва Пастдарғом (92) туманларига, энг ками Каттақўрғон шаҳри (33), Қўшработ (45) ва Оқдарё (46) туманларига тўғри келмоқда.

Мажлисда Самарқанд вилояти ҳудудида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 1130 та сайлов участкаси тўғрисида қарор қабул қилинди. Участкалар тўғрисидаги маълумотлар маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва интернет сайтларда жойлаштирилиши белгиланди.

Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази.