Самарқандда 172 та янги маданий мерос объекти аниқланди
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд тарихий маркази 1123 гектар ва унинг муҳофаза зонаси 1369 гектарни ташкил этади. Вилоятда 1607 та моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган бўлиб, ёдгорликларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура объектлари, 36 таси монументал санъат асарлари ва 34 таси диққатга сазовор жойлардир.
Мавжуд объектларнинг 1011 таси республика аҳамиятидаги, 596 таси маҳаллий аҳамиятдаги моддий-маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 221 таси шахсий мулкдаги тураржой бинолари ҳисобланади. Маданий мерос объектларининг 483 таси, яъни 30 фоизи Самарқанд шаҳрида жойлашган.
Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зиёдулла Насимовнинг маълум қилишича, вилоятда 3 та архитектура, 169 та археология маданий мерос объекти аниқланган бўлиб, уларни рўйхатга олиш учун Маданий мерос агентлигига юборилган. Айни пайтда ёдгорликларни муҳофаза қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш ҳамда соҳада доимий равишда давлат назоратини амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Сайёҳларни жалб қиладиган маданий мерос объектлари 82 тага етди
- Вилоятда сайёҳлар энг кўп борадиган туристик объектлар 70 тадан ортиқ эди, - дейди З.Насимов. – Энди эса уларнинг сони 82 тага етказилди. Жумладан, Самарқанд шаҳар Сўфи Розиқ маҳалласидаги “Мирвафобой уйи”ни маданий мерос объектига айлантириш учун 3,4 миллиард сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 800 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди. Оқдарё туманидаги Баҳодир Ялангтўш масжидида 1,3 миллиард сўмлик, Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуасида 1,5 миллиард сўмлик, Шоҳи Зинда мажмуасида 500 миллион сўмлик, Бибихоним мажмуасида 2,3 миллиард сўмлик, Хон Саид Имом мажмуасида 906 миллион сўмлик ва Ашратхона мақбарасида 700 миллион сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 1405 та маданий мерос объектларига муҳофаза белгилари ўрнатилиб, Қўшработ туманида 17 та, Ургут туманида 30 та, Нуробод туманида, 30 та Самарқанд туманида 10 та археология объекти хатловдан ўтказилди.
Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги Сарой Мулк Хоним, Дари Занжир Мирвафобой уйи, Қози Ғофур маданий мерос объектлари ҳамда Каттақўрғон шаҳридаги Қаландархона масжидида таъмирлаш ишлари давом этаётган бўлса, Самарқанд археология институти олимлари томонидан Афросиёб, Қизлартепа, Кофирқала, Қўрғонтепа, Мўминобод мозорқўрғонлари, Рабинжон, Қоратепа ёдгорликларида илмий тадқиқот ва қазишма ишлари олиб борилмоқда.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.