Самарқандда 17,6 тонна маҳсулот зарарли деб топилди, 4,1 тонна помидор йўқ қилинди

Самарқанд вилояти ўсимликлар карантини давлат инспексияси томонидан жорий йилнинг шу давригача вилоятга келтирилаётган ва олиб кетилаётган 880 килограмм олма, 700 килограмм лимон, 11655 килограмм картошка ва 4450 килограмм қовун зарарли, деб топилгани учун ортга қайтарилган.

Шунингдек, 4100 килограмм помидор зарарланганлиги сабаб инспекция ходимлари вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда “Тоза ҳудуд” ДУКка қарашли чиқинди йиғиш майдонида кўмиб ташланди.

Эслатиб ўтамиз, тегишли низом талаблари асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларига жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган, сифат сертификати мавжуд бўлмаган маҳсулотлар мамлакат ҳудудига киритилмайди.

Холмуҳаммад МУЗРОПОВ,

вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот хизмати.