Самарқандда 404 минг нафар бола қизамиқ ва қизилчага қарши эмланади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда қизамиқ ва қизилча касаллиги бўйича эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Касалликка чалинганларларнинг 80 фоизини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда айрим давлатларда, жумладан, бизга қўшни мамлакатларда ҳам қизамиқ бўйича нохуш ва мураккаб эпидемиологик вазият юзага келган. Шу боис юртимизда мазкур касаллик четдан кириб келиши ва аҳоли ўртасида кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида оммавий эмлаш тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумладан, айни пайтда вилоятда қизамиқ ва қизилча касаллигига қарши оммавий эмлаш ишлари давом этмоқда. Бунинг учун 600 нафарга яқин тиббий ходимлар “Хавфсиз иммунизация” дастури бўйича ўқитилди ва улар ҳам ўз ҳудудларида оммавий эмлаш жараёнида қатнашадиган тиббий ходимларга тажрибасини ўргатди. Шу тарзда ҳозирда вилоят бўйича 1700 нафар тиббиёт ходими қизамиқ ва қизилчага қарши эмлашда қатнашмоқда.

- Оммавий миллий эмлаш кунларини ўтказиш мақсадида бошқармамиз қошида штаб ташкил этилиб, малакали мутахассислар бириктирилди, – дейди вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси иммунопрофилактика бўлими мудири Шоира Халилова. – Вилоят бўйича битта марказий, 16 та ҳудудий туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналари ва эмлаш пунктлари ташкил этилди. Буюртма асосида республика санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидан 426 минг доза қизамиқ ва қизилча вакцинаси олинди. Ушбу вакцина совуқлик занжири қоидаларига риоя қилинган ҳолда 384 та эмлаш пунктига етказиб берилди. Оммавий эмлаш учун 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган 404 минг нафар бола рўйхати шакллантирилган ва 23 ноябрь ҳолатида 200 минг 980 нафар бола эмланди. Вакцина бепул бўлиб, барча ота-оналар ўзи яшайдиган ҳудуддаги яқин эмлаш пунктига мурожаат қилиб, фарзандини эмлатиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мамлакатимизда аҳоли олти турдаги юқумли касалликларга қарши режали эмланган бўлса, бугунги кунда амалдаги эмлаш календарига мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш йўлга қўйилган.