Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 47,6 миллион долларлик иссиқхона жиҳозлари импорт қилинган

Ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт ҳажмларини ошириш мақсадида вилоятга 60 та корхона томонидан 47,6 млн. АҚШ доллар қийматидаги иссиқхона жиҳозлари импорт қилинди.

Иссиқхоналарнинг 45,75 млн. АҚШ доллари қийматидаги 129,29 гектар ерга ўрнатилган қисми тўлиқ ишга туширилиб, шу пайтгача 56,0 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорт қилинган. 4 та корхона келтирган иссиқхона жиҳозлари айни кунларда ўрнатилмоқда.

2020 йил давомида 9 та корхона томонидан жами 25 гектар ер майдонига мўлжалланган 7,45 млн. АҚШ доллари қийматидаги исссиқхона жиҳозлари импорт қилинган бўлиб, бугунги кунда тўлиқ ишга тушган ва 33 та ишчи ўринлари яратилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 июндаги “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, иссиқхона жиҳозларини импорт қилган тадбиркорлар учун қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:

- уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йил 31 декабрга қадар божхона божидан озод қилинади;

- иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хом ашё ва бутловчи қисмлар 2023 йил 31 декабрга қадар божхона божидан озод қилинади;

- иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз% миқдорида белгиланади.

Шунингдек, иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларида маҳсулот етиштириш билан шуғулланаётган фуқароларга Президентнинг 2020 йил 18 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган имтиёзлар ва шарт-шароитлар татбиқ этилади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.