Самарқандда аҳоли мурожаатларини ҳал этиш бўйича долзарб 3 кунлик эълон қилинади
Вилоят ҳокимлиги томонидан аҳоли ва хизматлар ўртасида самарали ҳамкорликни ташкил этиш учун янги интерактив хизмат - http://samxalqnazorati.uz тизими ишга тушган эди.
Ўтган 3 кун ичида аҳоли томонидан хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тезкор ҳаракат қилмаётганлиги, ўз вазифаларини сидқидилдан бажармай, аҳолига қулайлик яратишни пайсалга солаётганлигини билдириб, 322 та мурожаат йўлланди.
Бугунги кунгача масъуллар ушбу мурожаатларнинг атиги 15 таси бажарилганлигини қайд этиб, маълумотлар юклашган. Бу тизим орқали муаммо йўлланган ижрочига 5 кунлик ижро муддати билан автоматик равишда топшириқ хатлари йўлланмоқда.
Шу ўринда савол туғилади: Нега масъуллар битта очиқ қолган люкни ёпишлари ёки симлари эрий бошлаган щитнинг 50 метр кабелини ёки битта лампани алмаштиришни 5 кунда бажаришлари керак? Ёки мурожаат қилган фуқарога маиший газ баллонини ҳам шунча кунда етказиб бериши керакми? Бу ишлар уларнинг кунлик вазифаси эмасми?
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов аҳолини электр, газ, сув, иссиқлик билан таъминлаш ва бу борадаги мурожаатлар ечимига қаратилган йиғилишда шу саволларга масъуллардан жавоб излади.
- Кеча тизим орқали тушган мурожаатларни қараб чиқсам, Тойлоқ тумани Боғизоғон маҳалласидаги электр токи кучи пастлиги, трансформаторларнинг кучи етмаётганлиги бўйича 6 та фуқаро муаммо билдирибди, - деди Э.Турдимов. - Битта масалани ечиш билан 6 фуқаронинг эътирози қондирилиши мумкин. Лекин бу масала “Самарқанд электр тармоқлари ҳудудий корхонаси” ва унинг Тойлоқ туман бўлими масъуллари томонидан 5 кундан бери ечилмаган.
Ёки Булунғур тумани Янгиқўрғон маҳалласи фуқаролари томонидан электр таъминотидаги узилиш бўлгани, 5 кундан буён электр таъминоти йўқлигини билдириб юборган 15 дан ортиқ мурожаатга тезкор ечим қилинмаган.
Умуман олганда, бугундан бошлаб халқ назорати тизимида хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг рейтингини чиқарувчи ҳудуд раҳбарлари ва секторбай тизимда халқ дарди, муаммосига тезкор ечим қилинаётганлиги ёки ҳаракатсизлигини яққол кўрсатиб берувчи дастур қилиш зарур.
Хизмат кўрсатувчи корхоналар 4-5 тадан мобил гуруҳ ташкил этиб, муаммо билдирилгандан 5 соат ичида уни ҳал этадиган механизм ташкил этиши керак.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, сектор ва вилоят ташкилоти раҳбарлари ўз комплекс ва ташкилотлари бўйича хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг ҳаракатини кузатиб боришлари зарур.
- Ҳар ҳафтада икки марта энг кўп муаммо билдирилган маҳаллалар рўйхатини тузиб, ўша ҳудудга шахсан ўзим бошчилигимда гуруҳ бориб ишлашини таъминловчи тизим ташкил қиламиз, - деди вилоят ҳокими. - Айрим ҳокимлар, сектор раҳбарлари, хизмат кўрсатувчи айрим корхона масъуллари вазифасига лойиқлик масаласини ҳам муаммонинг нечоғли ҳал этилаётгани ва халқ билан маслаҳатлашган ҳолда кўриб чиқишни бошлаймиз.
Умуман олганда, байрам олдидан аҳоли кайфиятини кўтариш мақсадида 30 декабргача барча турдаги фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш долзарб 3 кунлигини эълон қиламиз.
Биринчи навбатда бугун соат 07:00 ҳолатида туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ва туман корхоналари томонидан ижро муддати кечиктирилаётган 786 та мурожаатларга ечим топамиз.