Самарқандда аҳоли томонидан тўрт мингдан зиёд ашё музейларга топширилган

Уч йилдан бери “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси доирасида аҳолидан сотиб олинган ёки туҳфа сифатида қабул қилинган қадимий ашёлар намуналари кўргазмаси ташкил этиб келинмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида шу номдаги навбатдаги кўргазма бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов сўзга чиқиб, мазкур акциянинг аҳамияти ва музейлардаги миллий меросимизни асраш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 майдаги “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳоли қўлидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга каратилган “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акциясини ўтказиш белгиланган, – дейди Р.Қобилов. – Мазкур акцияни амалга ошириш, яъни аҳолидан қадимий буюм ва ашёларни сотиб олиш учун ҳар йили маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилмоқда. Жумладан, кейинги уч йилда 1 миллиард 225 миллион сўм маблағ ажратилиб, тўрт мингдан зиёд ашё музей фондига қабул қилинди. Жорий йилнинг ўтган даврида этнография, нумизматика, археология, тасвирий санъат ва бошқа соҳаларга оид 1700 дан ортиқ ашё музейга келтирилган. Шундан 1205 таси харид қилинган бўлса, 423 таси аҳоли ва музей ходимлари томонидан туҳфа қилинган, 75 донаси божхона ходимлари томонидан берилган.

- Вилоят бўйича музейларимизда 240 мингга яқин экспонат сақланади, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори Маъсуд Самибоев. – Шундан 8 мингга яқин ашё музейлар эксозициясига чиқарилган. Улар орасида фуқаролардан қабул қилинганлари ҳам бор. Баъзида фуқароларимиздан ашёларни сотиб олишимизга қарамай, экспонатларни музейга топширишни истамайди. Масалан, тарихий ашё ва маданий меросга алоқадор экспонатларни хорижга олиб чиқиш қонун талабларига кўра тақиқланган. Шундай экан, ашёларнинг йўқолиб кетмаслиги ва келажак авлодга етказиш учун музейларга топширган маъқул.

Кўргазмада “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акциясида фаол иштирок этган фуқароларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари, шунингдек, бу фуқароларга оила аъзолари билан биргаликда 2025 йил давомида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибидаги маданий мерос объектлари ва музейларга бепул кириши учун сертификатлар топширилди.