Самарқандда Франция компанияси иштирокида қишлоқ хўжалиги соҳасига инвестициялар киритилиши кутилмоқда
Аввалроқ Францияда ўтган “60-Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси”да Ўзбекистон делегация ҳам иштирок этгани хабар қилинганди.
Мазкур кўргазма Европа ва Осиё мамлакатлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарали мулоқотнинг давоми бўлиб, унда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган 615 мингга яқин соҳа экспертлари, жумладан, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам иштирок этди.
Конференция давомида вазир Франциянинг илғор компаниялари ва ташкилотлари билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда мазкур компаниялар томонидан мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича музокаралар ўтказди.
Чунончи, кўргазма доирасида, Франция Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат суверенитети вазири Марк Фено билан Франция Президенти Эммануэл Макроннинг 2023 йил 1-2 ноябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифида қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган келишувлар, хусусан Франциянинг “Laktalis” компанияси томонидан сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Тошкент вилоятида янги лойиҳани амалга ошириш, “Quercy” компанияси билан “HD-Cold” технологиясини Самарқанд вилоятида Франциянинг “FASEP” компанияси грант маблағлари ҳисобига жорий этиш ҳамда чорвачилик соҳасида Ўзбекистонга инвестицияларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонга Франциянинг қишлоқ хўжалиги технологияларини жалб қилиш ва илм-фан йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.