Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклашда Хитойнинг Фуцзян провинцияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди

Хитой Халқ Республикаси Фуцзян провинцияси губернатори Чжао Лун бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.

Самарқанддаги халқаро туризм академиясида вилоят ҳокимлиги масъуллари, маданий мерос объектлари мутасаддилари ва Чжао Лун бошчилигидаги делегация иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб борилаётгани, жумладан, 2023 йилнинг декабрь ойида Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги тадбиркор ва ҳокимликлар вакилларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олингани ҳамда ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида барча соҳаларда манфаатли келишувларни қўллаб-қувватлашги иккала томон ҳам тайёр эканликларини билдирди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов Самарқанд ва Фуцзян провинцияси ўртасида туризм ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида маданий мерос объектларини сақлаб қолиш, муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ҳамда ёдгорликлардан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни таклиф қилди.

- Бу соҳада кадрлар тайёрлаш, мутахассислар билан тажриба алмашиш, ЮНEСКОнинг умумжаҳон рўйхатига киритилган меросни қайта тиклаш ва асраб-авайлаш, ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш ва узоқ муддатли, барқарор ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга тайёрмиз ва бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз, - деди Фуцзян провинцияси губернатори Чжао Лун.

Учрашув якунида ҳамкорлик битими имзоланди.

Делегация аъзолари Самарқанд халқаро туризм академиясида яратилган шароитлар билан танишди.