Самарқандда футболга эътибор кучайди
Айни кунларда, вилоятнинг бош жамоаси – «Динамо» футбол клуби суперлигада ўйнаш имкониятига эга бўлиб турган хурсандчилик кунларида Самарқанд футболига берилаётган эътибор ҳақида айрим маълумотларни келтиришни лозим топдик.
Ваъдага вафо
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг саъй-ҳаракати ва ташаббуси билан 2019 йилдан вилоятда футболга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, профессионал футбол клублари учун сифатли захира шакллантириш, моддий-техник базасини яхшилаш борасида Самарқандда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан уч ой аввал «Динамо» клуби билан учрашган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов 2019 йилдан клубни ўз назоратга олишини, бошқарув тизими ва молиялаштириш манбаларини тўғри йўлга қўйишни, жамоа учун, энг аввало, шароитларни яхшилаб, сўнг натижа талаб қилинишини таъкидлаган эди. Қолаверса, Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясидаги «Очиқ мулоқот» кўрсатуви давомида ҳам мухлисларнинг талаб ва таклифлари ўрганиб чиқилишини маълум қилиб, “Динамо” Самарқанддек шаҳар ва вилоятга муносиб бўлиши шартлигини таъкидлаганди. Шунга кўра, Э.Турдимов ўзгаришларни вилоят футболи пойдевори саналмиш болалар-ўсмирлар футбол академиясидан бошлади.
Академия
Январь ойи якунида вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳридаги ЎФА ва «Динамо» футбол клуби тасарруфидаги Самарқанд вилоят футбол академиясида бўлиб, болалар футболининг бугунги ҳолатини кўздан кечирди ва энг аввало, ишни академияни оёққа турғизишдан бошлаш лозимлигини таъкидлади. Дастлаб барча муаммо ва камчиликлар аниқланиб, академия тарбияланувчиларига шароитларни яхшилаш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Академия янгича кўриниш олиши, машғулотлар янгича тарзда олиб борилиши учун қурилиш ва бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.
«Динамо» клуби қароргоҳи
Катта ўзгаришлар амалга оширилаётган навбатдаги манзил “Динамо” футбол клуби қароргоҳи бўлди. Жамоа базасидаги ҳолат билан шахсан танишган Э.Турдимов вилоятнинг бош жамоаси моддий-техник базасини яхшилаш, шароитларни яратиш борасида бир қатор кўрсатмалар берди. Бугунги кунда “Динамо” профессионал футбол клуби қароргоҳида қурилиш-таъмирлаш бригадалари томонидан ободонлаштириш ва реконструкция ишлари олиб борилиб, футболчиларга барча шароитлар яратилмоқда. Шунингдек, яқин орада Жомбой туманида “Динамо” клуби учун футбол базаси қурилиши режалаштирилган.
Стадион
Режага мувофиқ, янги футбол мавсуми олдидан “Динамо” стадионида ПФЛ талаблари даражасида шароитларни яратиш ва ўйингоҳни 2019 йилги чемпионатга ҳозирлаш ишлари ҳам бошланиш арафасида. Стадион чими мутахассислар томонидан сифатли парваришланмоқда. Улар яшил майдон март ойида тайёр ҳолга келишини эътироф этишмоқда.
Узоқ кутилган ўзгариш
Э.Турдимов Навоий ва Сурхондарё вилоятларидаги самарали раҳбарлик фаолияти давомида бу вилоятларнинг бош жамоалари - “Қизилқум” ва “Сурхон” клуби муваффақиятларида ҳиссаси катта бўлган. Буни маҳаллий мухлислар ҳали-ҳамон эслашади. Бир неча йиллар давомида Самарқандда футболга эътибор ҳаминқадар эдики, айтайлик, вилоят болалар футбол академияси ёки “Динамо” клуби қароргоҳида қилинаётган ҳозирги янгиланиш, ўзгаришлар охирги марта қачон амалга оширилганлигини кўпчилик эслолмайди.
Энг кўп аҳолига эга катта вилоятнинг раҳбари барча соҳалар қатори футболга ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани, Самарқандда болалар футболидан тортиб, профессионал футбол клуби даражасигача назорати доирасидан четда қолмаётгани, муаммо ва камчиликларга ўз вақтида муносабат билдираётгани замирида, энг аввало, футболсевар Самарқанд халқининг кайфияти, мамлакат келажаги саналмиш болалар футболининг истиқболи кўзланган.
“Қарс икки қўлдан чиқади” деганларидек, “Динамо” жамоаси ҳам бу йил суперлигада ўз ўйинларини бошлар экан, масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда янги мавсумда раҳбарият ва мухлислар ишончини оқлашга жиддий бел боғлаган.
«Динамо»га янги автобус берилади
Вилоят ҳокими ташаббуси билан 2019 йилги янги мавсум олдидан «Динамо» футбол клуби моддий техник базасини яхшилаш мақсадида жамоага Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва клуб ҳомийи томонидан янги замонавий автобус берилмоқда. Ҳозирда янги автобусга “Динамо” клуби рамзлари туширилмоқда. Автобус 2019 йилги чемпионат ўйинлари бошланишидан “Динамо” хизматида бўлади.
“ДИНАМО” ФУТБОЛ КЛУБИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ.