Самарқандда мактаблар фаолиятини ишчи гуруҳ баҳолайди
Самарқанд вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, ўқувчилар ва педагог-ходимларнинг соғлиғини ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ҳудудлар бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Бугун, 2 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари умумий ўрта таълим мактабларининг эпидемиологик хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўрганиш ишларини бошлади.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари вилоят мактабларида ўқув йили бошлангунга қадар ушбу йўналишда ўрганиш ишларини олиб боради.
Мактабларнинг анъанавий тарзда фаолияти йўлга қўйилиши олдидан ҳар бир туман ва шаҳарлардаги мактаблар бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг хулосаси берилади. Бунда ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровномаларнинг натижаларига мувофиқ, ўқувчиларнинг анъанавий ёки онлайн таълим шаклига жалб этилиши, ўқитувчиларнинг тест топширганлиги ҳолати, мактабнинг дозатор, пирометр, антисептик воситалар ҳамда тиббий ниқоб билан таъминланганлигига алоҳида эътибор қаратилади ва қатъий назоратга олинади. Якуний хулосага келингач, мактаб фаолиятининг йўлга қўйилишига рухсат берилади.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.