Самарқандда мудҳиш қотиллик: Эр турмуш ўртоғини чопқи билан уриб ўлдирган

Жорий йил 7 августдан 8 августга ўтар кечаси соат 02:00 ларда Самарқанд шаҳар ФВБ ЁХБ навбатчилик қисмига Ўрта Хўжасоат маҳалласида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб борган ўт ўчириш гуруҳи алангани сўндиргандан кейин ҳовлидан тан жароҳатлари олган аёл кишининг мурдаси топилди. Бу ҳақда соат 04:30 ларда тезкор-тергов гуруҳига хабар берилди.

Воқеа жойига вилоят прокурори, вилоят прокурори ўринбосари С.Файзиев, вилоят ИИБ бошлиғининг 1-ўринбосари М.Зубайдуллаев ва бошқа тергов-тезкор гуруҳи аъзолари етиб келди.

Тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилганда,  бошининг юқори қисмидан 4 та ва ўнг қўл билак-тирсак қисмидан 1 та санчилиб-кесилган, суяк соҳалари парчаланган хонадон эгаси Д.М.нинг ялонғоч ҳолатдаги мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Шунингдек, ҳовлидаги қуриб битказилмаган ҳожатхонанинг ичкарисида ерга ётқизилган темир бочка ичида марҳуманинг турмуш ўртоғи М.М иккала қўллари билагининг юқори томонидан кесилган, кийимлари ва танаси қон билан беланган, ўнг қўли бош бармоғи билан кўрсаткич бармоғи орасида лезвия ушлаган, ҳушсиз ҳолда топилган. У зудлик билан тез-тиббий ёрдам машинасида шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Олиб борилган терговга қадар текшириш давомида, М.М. олдиндан давом этиб келган оилавий низо оқибатида, расмий ажрашмасдан, бир рўзғорда яшамаган турмуш ўртоғи Д.Мни ёғоч дастали чопқи билан бош қисмига 4 марта, ўнг қўл билак-тирсак қисмига 1 марта уриб, қасддан ўлдирганлиги аниқланди.

У шунингдек, содир этган ўта оғир жиноят изларини яшириш мақсадида елим идишда бўлган бензин ёқилғисини хоналарнинг ички ва ташқи томонларига сепиб, ўт қўйиб юборган. Шундан сўнг, жиноят қуроли ҳисобланган чопқини ҳовли тўридаги ўтинлар орасига яшириб, ўзи лезвия билан иккала қўл-билак соҳаларини кесиб, бўйин ва қорин қисмини тилиб, ўз жонига қасд қилган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан М.Мга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Вилоят прокуратураси

ахборот хизмати.