Самарқандда мурожаатлар билан ишлаш бўйича тезкор штаб тузилди
Самарқанд вилояти ҳокимининг 5 август куни қабул қилинган фармойишига кўра, Президент томонидан шу йил 23 июль куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини мутлақо янгича ташкил этиш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва аҳоли розилигига эришиш мақсадида 39 кишидан иборат вилоят штаби ташкил этилди.
Вилоят ҳокими мазкур штаб раҳбари, секторлар бошлиқлари, вилоят Халқ қабулхонаси мудири ва вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари штаб раҳбари ўринбосарлари этиб белгиланди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари ва ҳокимлик масъул ходимлари, вилоятдаги бошқарма ва идоралар раҳбарлари штаб аъзолари ҳисобланади.
Фармойиш билан вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари ва штаб котибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 58 минг 461 та мурожаатни ўз вақтида кўриб чиқиш ва аҳоли розилигига эришиш учун 2 кун муддатда соҳалар ва секторлар кесимида таҳлил қилиш вазифаси топширилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, маслаҳатчилари, гуруҳ раҳбарлари, бошқарма ва идоралар бошлиқлар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ва сектор раҳбарларига мурожаатларни ўз вақтида, сифатли кўриб чиқиш ва қонуний ечимини топиш юзасидан шахсий масъулият юкланди.