Самарқандда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари I туристик ярмаркаси бошланди

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида МДҲ мамлакатлари Туризм кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда биринчи туристик ярмаркаси ўз ишини бошлади.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи А.Аккулов, МДҲ ижроия қўмитасининг туризм сектори раҳбари Т.Ковалева Туризм кенгашининг навбатдаги йиғилишининг Самарқандда ташкил этилиши ва унинг доирасида биринчи туристик ярмарка ўтказилаётгани тарихий аҳамият касб этишини таъкидлади.

Кейинги йилларда жаҳон туристик бозори мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашнинг асосий секторига айланиб, барқарор ўсишни намоён қилмоқда. Буни айни пайтда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 10,4 фоизидан ортиқроғи, савдонинг 7 фоизи ва бандликнинг 10 фоизи туризм соҳаси ҳиссасига тўғри келаётганида ҳам кўриш мумкин. Дунё давлатларининг 38 фоизи учун туризм – даромаднинг асосий манбаи, 83 фоизи учун эса беш асосий даромад манбаларидан бири ҳисобланади.

Туризм соҳасидаги бундай тараққиёт кейинги йилларда МДҲ мамлакатларида ҳам намоён бўлмоқда. МДҲ мамлакатлари туризм кенгаши ушбу давлатларда бу борада тўпланган тажрибани ўрганиш, соҳа ривожи йўлида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро фикр алмашиш учун қулай имконият бўлмоқда. 2018 йилнинг 10-11 август кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан навбатдаги тадбирни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклиф қилинган эди. Шунингдек, мазкур тадбир доирасида МДҲ мамлакатлари Биринчи туризм ярмаркасини ўтказиш ташаббуси илгари сурилди ва бу иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

– Мазкур формат МДҲга аъзо мамлакатларнинг туристик салоҳияти билан яқиндан танишиш, Ҳамдўстликдаги туризм секторининг муҳим трендлари ва янгиликларини алмашиш, туризм ташкилотлари ва бизнес вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш учун қулай шароит яратади, – дейди Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи А.Аккулов. – Кенгаш йиғилишида ҳамдўстлик давлатлари туризм соҳаси бўйича вазирлик ва компаниялар масъул ходимлари иштирок этиб, ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб олиш кўзда тутилган.

Тадбир доирасида “МДҲ давлатларида туризм ва минтақавий ҳамкорлик: янги чақирувлар ва имкониятлар” мавзуида халқаро конференция, ҳамдўстлик давлатлари туризм соҳаси олий таълим муассасалари раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларининг ўзаро мулоқоти ва маҳорат сабоқлари, сайёҳлик фирма ва компаниялари вакилларининг янги туристик йўналишлар бўйича тақдимотлари, В2В тарзидаги учрашувлари ва бошқа маданий дастурлар ўтказиш кўзда тутилган.