Самарқандда педагоглар аттестацияси бўлиб ўтмоқда

Айни кунда мактабгача, умумий ўрта таълим ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш жараёнлари бўлиб ўтмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан икки йилдан бери республикамизнинг барча ҳудудларида педагоглар аттестацияси бир вақтнинг ўзида ўтказиб келинмоқда.
Ўрнатилган тартибга кўра, синовлар икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари берилади.
Иккинчи босқичда – педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади.
Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади.
Педагогларнинг кузги аттестацияси худди баҳоргиси сингари бўлади. Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида навбатдан ташқари ва навбатдаги аттестация жараёнида қатнашиб, 86 ва ундан юқори балл олган ўқитувчиларга 70 фоиз устама берилади.
Аттестациядан ўтиш учун педагог кадрлардан 1 августдан 1 октябрга қадар ҳужжатлар қабул қилинган. Бугунги кунгача вилоят бўйича аттестация жараёнларида қатнашиш учун жами 30 мингга яқин ҳужжат келиб тушган, уларнинг 20 минг 835 таси қабул қилинган, қолган ўқитувчиларнинг ҳужжатлари нотўғри киритилганлиги учун қайта таҳрирга юборилган.
Аттестация жараёнлари жорий йилнинг 21 ноябрь кунига қадар давом этади.
Маълумот учун: Бугунги кунда Самарқанд вилоятида жами 62 минг 556 нафар педагог бўлиб, шундан 6745 нафари олий, 11570 нафари 1-тоифали, 13780 нафари 2-тоифали, 21167 нафари мутахассис, 9294 нафари ўрта махсус маълумотли ходимлардир.