Самарқандда тунги рейдлар давомида қатор ҳуқуқбузарликлар олди олинди

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, ҳудудда тунги кучайтирилган рейд тадбирларини ҳар куни ўтказилиши белгиланган.

Ўтказилган тунги рейдлар давомида Самарқанд шаҳридаги 5 та тунги клуб фаолияти кўздан кечирилди. Жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган 472 нафар шахс ички ишлар органлари ва таянч пунктларига олиб келиниб, текширувдан ўтказилди.

Бундан ташқари, 6 нафар муқаддам судланган шахсларга нисбатан маъмурий назорат ўрнатилди. 2 нафар жамоат жойида майда безорилик содир этган шахсга нисбатан Самарқанд шаҳар ЖИБ суди томонидан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, 8 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар СВНД шифохонасига жойлаштирилди. 9 нафар енгил табиатли аёлларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. 379 та автотранспорт воситалари текширувдан ўтказилди.

Шундан, 9 та маст, 20 та ҳужжатсиз, 14 та ойналари тусини рухсатномасиз қорайтириб автотранспорт бошқарган ҳамда 63 та бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар содир қилган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.