Самарқандда уч нафар маҳкум жазодан озод қилинди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан 2020 йил 5 июнь куни шаҳар ИИО пробация гуруҳининг уч нафар маҳкумни суд томонидан тайинланган жазоларни ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақидаги тақдимномалари кўриб чиқилди.

Тақдимномалар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2016 йил 27 декабрдаги “Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида берилган тушунтиришларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддаси талабига амал қилган ҳолда кўриб чиқилди. Маҳкумлар суд томонидан тайинланган жазонинг қонунда назарда тутилган қисмини ўтаганликлари, жазони ўташ пайтида ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарганликлари ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганликлари эътиборга олиниб, улар ўталмаган жазодан озод қилинди.

Шунингдек, маҳкумларга жазонинг ўталмаган қисми мобайнида янгидан жиноят содир этишган тақдирда, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддаси бешинчи қисми талабларига асосан, суд Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланиши тушунтирилди.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.