Самарқандда «Халқ ижодиёти карвони» тадбирлари ўтказилди
«Маданият карвони» ижодий лойиҳаси доирасида Маданият вазирлиги тизимидаги ҳаваскорлик жамоалари томонидан вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида миллий қадриятлар ва урф-одатларни тарғиб этишга қаратилган «Халқ ижодиёти карвони» концерт дастурлари бўлиб ўтди.
Вилоят мусиқали драма театрида соҳа ходимлари ва таниқли санъаткорлар иштирокида мазкур лойиҳанинг якунига бағишланган "Folk Party" шоу-концерти ҳам юқори савияда ўтказилди.
- Шу йилнинг ноябрь ойида старт берилган мазкур лойиҳанинг асосий мақсади миллий қадриятларимиз, маданий меросимиз ва урф-одатларимизни тарғиб қилишда ҳамда уларни асраб-авайлашга қаратилган, - дейди Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов. - Лойиҳа доирасида ҳар ҳафтада вилоятимизнинг иккитадан туманида аҳоли гавжум жойларда маданий тадбирлар ўтказилди. Тадбирларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 20 га яқин фольклор-этнографик жамоалар, рақс ансамбллари ҳамда намунавий болалар гуруҳлари самарқандликлар учун концерт дастурларини намойиш қилишди.