Самарқандда йил якунигача 32 та саноат кластери ташкил этилади

Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг Самарқанд вилоятида олиб борган ишларнинг якуни билан тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, электротехника ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасида 32 та саноат кластерини яратиш бўйича 52 та лойиҳа тайёрланди.

Жумладан, Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Паст Дарғом, Пахтачи, Нарпай ва Ургут туманларида 9 та тўқимачилик кластери, Жомбой, Самарқанд, Оқдарё, Иштихон, Булунғур, Пайариқ туманларида ва Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат саноати ва мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳасида 15 та кластерлар яратилиши режалаштирилган.

Комиссия томонидан вилоятда маҳаллийлаштириш дастурига қўшимча равишда фармацевтика, металл ва металл буюмлар, автомобиллар учун бутловчи қисмлар, технологик ускуналар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган 13 та янги лойиҳа ишлаб чиқилди.

Жорий йилда вилоятнинг 17 та кичик саноат зонасида умумий қиймати 453,4 миллиард сўмлик 5 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган ва бу 2 мингга яқин янги иш ўринлари яратишга имкон беради.

Ҳукумат комиссияси фаолияти давомида ишлаб чиқилган амалий чора-тадбирлар комплексининг амалга оширилиши натижасида йил якунигача вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 триллион сўмга етказилиб, 10,8 мингта қўшимча иш ўрни яратилади. Шунингдек, саноат корхоналарининг солиққа ажратмаларининг ҳажми 825 миллиард сўмга ва тасдиқланган режа кўрсаткичларини 149,3 фоизга етказиш кутилмоқда.

Самарқанд вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизмати.