Самарқандда юқумли касалликларнинг олдини олиш, даволаш, назорат қилиш бўйича қандай ишлар амалга ошириляпти?
Вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси томонидан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига уюштирилган пресс-турда шу саволларга жавоб изланди.
Бошқарма бошлиғи Латиф Рустамовнинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2022 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда унинг қошидаги барча муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамкорлигида лойиҳа имзоланган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион АҚШ доллари бўлиб, UNOPS ташкилоти томонидан вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда вилоят санитария-эпидемиологик оcойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси тасарруфидаги туман (шаҳар) бўлимлари лабораторияларига замонавий асбоб-ускуналар харид қилинган.
- Муассасамиз 350 ўринга мўлжалланган бўлиб, нафақат вилоятимиз, балки қўшни вилоятлар аҳолиси учун ҳам хизмат қилмоқда, - дейди вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош врачи Абдусодиқ Боймурзаев. – Авваллари шифохонамизда 50 турдаги лаборатория таҳлиллари олинар эди. Бугунги кунда уларнинг сони бир бараварга ошди. Жумладан, ўтган йилда лабораторияларимизга 10 турдаги замонавий аппаратуралар келтирилди. Натижада юқумли касалликларни эрта аниқлаш, беморга вақтида ташхис қўйиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошди. Масалан, биргина рентген аппаратида ўпка ва кўкрак қафасини текшириш учун уч дақиқа кифоя. Шунингдек, бу ускунага беморнинг ёши ва маълумотлари тўғри киритилсагина аниқ ташхис қўйиб беради. Бундан ташқари, лабораторияларимизда офтальмологик, гемотологик, вирусли гепатит ва бошқа турдаги паразитар касалликларни инсон омилисиз аниқлайдиган аппаратуралар ҳам фуқароларга хизмат қилмоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.