Самарқанддаги айрим чанг кўчалар цемент-бетон билан қопланади
- Вилоятда жами 150 га яқин объектда 106 километр ички йўллар кластер усулида цемент-бетон қопламалар билан қопланиши кўзда тутилган. Ҳозирда манзилли рўйхат асосида барча кўча ва йўллар бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари тегишли тартибда экспертизадан ўтказилиб, қурилишга масъул бўлган пудратчилар аниқланди.
Бу вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бошлиғи Аброр Илмуродовнинг бизга берган маълумоти. Гап шундаки, Президентимизнинг 2022 йил 18 майдаги “Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда кластер усулда цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган. Ҳозирда бир неча кўчаларда бундай ишлар бажариляпти.
Тендерда ғолиб бўлган “New Tech Samarkand” МЧЖ қурувчилари Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Нарпай, Пахтачи, Самарқанд ҳамда Каттақўрғон туманларидаги йўлларни таъмирлайди. Шунингдек, “Memor Oʻtkir Chovka” МЧЖ эса Пайариқ, Оқдарё, Иштихон ва Қўшработ туманларида, “Maroqand Sement Invest” МЧЖ қўшма корхонаси Тойлоқ ва Ургутда, “Jomboy Yashil chiroqlari” МЧЖ йўлсозлари Жомбой ва Булунғурда, “Bunyodkor Obod Pastdargʻom” ДУК ишчилари Паст Дарғом ва Нуробод туманларида кўча ва йўлларни цемент-бетон билан қоплашга масъул саналади.
- Пайариқ туманида 10 маҳаллада жойлашган 10 километрлик ички йўлларни таъмирлаб, цемент-бетон қоплама билан янгилашни мақсад қилганмиз, - дейди "Me'mor O'tkir Chovka" МЧЖ раҳбари Музроб Тошев. – Айни пайтда тумандаги Оққўрғон маҳалласида 0,8 километр, Чоштепада 2 километр, Маниобод маҳалласида 1 километрлик масофадаги кўчаларни текислаб, тош-шағал тўкиш ишларини бошлаб юбордик. Бу ишларни 10 та махсус техника ва 50 нафарга яқин ишчиларимиз бажармоқда.
Д.Тўхтаев.