Самарқанддаги давлат аҳамиятидаги йўлларни таъмирлаш нега дастурга киритилмаяпти?
Самарқанддаги бир неча йиллардан буён ечимини топмаётган муаммоли масалалар бўйича мутасаддилар қандай чора кўраётганлиги маълум эмас. Бу борада режалар ҳам мужмал.
Аввало, муаммо ҳақида.
Президентнинг 2019 йил 11 январдаги вилоятга ташрифида Қўшработ ва Нурота туманларини боғловчи давлат аҳамиятидаги 4Р55-“Митан қ.-Қўшработ қ.-Нурота ш.” автомобиль йўлининг қолган 32-72 километр қисмини таъмирланиши белгиланган. Аниқроғи, бу халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси йиғилиши 3-сонли баёнида бор.
Бироқ объектни таъмирлаш Давлат дастурларига киритилмаётганлиги сабаб Президент берган топшириқ ижроси таъминланмаяпти. Бу ҳақда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўқсон еттинчи сессияси вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи А.Ўроқов айтиб ўтди.
Бундан ташқари, давлат раҳбари 2021 йил 15-16 апрель кунлари вилоятга ташрифи (20-сонли баёни 15-банди)да А-377 “Самарқанд-Айний” автомобиль йўлининг 9-36 километр қисмини реконструкция қилиш белгиланган. Бу ишни 2022 йилги Инвестиция дастурига киритиш белгиланган, бироқ автомобиль йўли қурилиш ишлари бугунги кунга қадар Инвестиция дастурларига киритилмаган.
Президентнинг 2019 йил 26 июлдаги вилоятга ташрифи (30-сонли баён 55-банд)га асосан Пахтачи тумани ҳудудидаги 4Р185-“М-37 автомобиль йўлидан - Қарнобота қ.” автомобиль йўлининг 30 километр қисмни тўла таъмирлаш белгиланган.
Таажжубки, автомобиль йўлининг 25 километрини (5-30 км қисмлари) тўла таъмирлаш ишлари давлат дастурларига киритилмасдан қолмоқда.
Президент топшириғи ижросини пайсалга солишдан мақсад нима? Уни бажармасликка асос бормикан?