Сифатсиз йўл учун қачон йўлсоз жавоб беради?.. Жавобсиз саволлар

Айрим давлатларда йўлга асфальт ётқизилгандан кейин унинг устига сув сепишаркан ва шу орқали йўлнинг обдови, яъни унда кўлмак бўлмаслиги текшириб кўриларкан. Бизда ана шу тажриба учун нима етишмайди: сувми ёки йўлсознинг ҳафсаласими?

Ариқлар масаласи алоҳида мавзу. Бу борада ҳам анча ўзгариш қилдик, аммо нега йўлларимизда сув тўпланади? Ёки бизда текислик сатҳини ўлчаш асбоби йўқми?

Бизда қачон сифатсиз йўл учун уни қурган йўлсоз жавоб бериш амалиёти қўлланилади? Бир йилда битта йўлга (айниқса, шаҳарларда) бир неча бор давлат бюджетидан маблағ сарфланишини қайси ташкилот ўрганади: буюртмачими, йўл қурувчими, уни қабул қилувчими?

Кучли, сурункали ёғингарчилик кузатилса, йўлларни ёки аҳоли хонадонларини, айрим биноларни сув босишини яхши биламиз. Бундай пайтда ариқ ёки оқова тизимида нуқсонлар борлигини, лойиҳалар пухта ишлаб чиқилмаганини рўкач қиламиз. Лекин нега шу камчиликлар кейинги йилгача, ёғингарчилик мавсумига қадар тузатиб қўйилмайди? Бир марта дуч келган муаммога ҳар йили дучор бўлавериш наҳотки мутасаддиларни ташвишлантирмайди, наҳотки муаммога ечим топилмайди.

Хуллас, санайверсак саволлар кўп. Аммо уларга жавоб берадиган мард йўқ-да. Жавоб бермаганда ҳам камчиликларни тўғрилаб қўйса, виждони олдида ўзига бир савол берса, халқнинг ғазабидан, қарғишидан қўрқса яхши бўлармиди…